Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига тўғри келувчи банкоматлар сони 100 тадан ошди. Бу кўрсаткич Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори натижа ҳисобланади. Солиштириш учун, 10 йил аввал мамлакатда бу рақам ҳар 100 минг аҳолига бор-йўғи 8 тани ташкил этарди.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда жами 36 мингга яқин банкомат ва инфокисокалар ўрнатилган. Қизиғи шундаки, уларнинг ярмидан кўпи банкларга эмас, балки тўлов ташкилотларига тегишли. Охирги йилда айнан тўлов ташкилотлари ҳисобидан банкоматлар сони ортиб бормоқда. Банклар эса бу бозорга нисбатан қизиқишини пасайтирган.
Ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, келажакда тўлов ташкилотлари банкомат бозорида устунликка эришиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Айрим ҳолларда тўлов тизимлари ўзининг кенг қамровли инфратузилмаси билан бозорда гегемонга айланиши мумкин.v
Марказий банк Осиё Тараққиёт банки кўмагида ўтказган сўровдномагв кўра, айни пайтда, банкоматлар ўзбекистонликлар энг кўп фойдаланаётган молиявий хизмат ҳисобланади. Халқнинг 91 фоизи банкоматлар ҳақида хабардор, 60 фоиз аҳоли эса улардан мунтазам фойдаланади. Бироқ, мамлакатнинг айрим олис ҳудудларида банкомат етишмовчилиги ҳали ҳам ҳал қилинмаган муаммо бўлиб қолмоқда. Масалан, Сурхондарё вилоятида бу кўрсаткич фақат 45 фоизни ташкил этади.
Марказий Осиёдаги етакчи банкомат тармоғига айланиш билан бирга, Ўзбекистонда банкоматлардан фойдаланиш имкониятлари ҳали ҳам тенг тақсимланмагани кўриниб турибди.