Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ҳамда Истанбулдаги Бош консулхона ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жиноят содир этиб, қидирувга берилган шахс Туркияда қўлга олинди.
Маълумотларга кўра, 1996 йилда туғилган Есинов Давлатбек Дoниёр ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида назарда тутилган фирибгарлик жиноятида айбланиб, Тошкент шаҳри ИИББ томонидан қидирувга берилган эди.
Тезкор тадбирлар натижасида Есинов Давлатбек Истанбул шаҳрида ушланди ва белгиланган тартибда Ўзбекистонга депортация қилинди. Унинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги ушбу шахснинг фаолиятидан жабр кўрган барча фуқароларни яқин атрофдаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Бундай мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилиши таъкидланди.
Мазкур ҳолат халқаро ҳамкорлик орқали жиноятчиларни қидириш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш амалиёти муваффақиятли давом этаётганини кўрсатмоқда. Қидирувда бўлган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши билдирилмоқда.