Президент Мирзиёев: «Ёшлар Янги Ўзбекистон тарихини яратади»

13:45 | 5 дақиқада ўқилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда ёшларни қутлар экан, улар Янги Ўзбекистонни бунёд этишда ҳал қилувчи кучга айланаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари таълим, спорт, IT, тадбиркорлик ва касбга йўналтириш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар натижалари билан ўртоқлашди.

Mirziyoyev

Президент Мирзиёев: «Ёшлар Янги Ўзбекистон тарихини яратади»

Президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда ёшларни қутлар экан, улар Янги Ўзбекистонни бунёд этишда ҳал қилувчи кучга айланаётганини таъкидлади. Давлат раҳбари таълим, спорт, IT, тадбиркорлик ва касбга йўналтириш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар натижалари билан ўртоқлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июн куни Ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан учрашув ўтказди. У бутун мамлакат ёшларини байрам билан самимий табриклаб, уларнинг Янги Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган улкан ҳиссасини эътироф этди.

Давлат раҳбари сўзида мамлакат иқтисодиётидаги ўсиш, йирик инвестициялар ва халқаро ишонч ортишида билимли ва ташаббускор ёшларнинг муҳим ўрни борлигини таъкидлади. Президентнинг қайд этишича, ўзбекистонлик ёшлар илк бор дунёнинг топ-5 олийгоҳларига кириб, тарихий натижаларга эришмоқда. Бугунги кунда 30 нафар ёш топ-10 талик, 500 нафар ёш топ-100 ва 1 500 нафар ёш топ-300 талик университетларда таҳсил олмоқда.

Шавкат Мирзиёев ёш тадбиркорларнинг муваффақиятларига ҳам алоҳида тўхталди. Жорий йилда 261 та ёшлар корхонасининг йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган. Тошкентдан ташқари Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ва бошқа вилоятларда ҳам ёшлар бизнес соҳасида фаол ривожланмоқда.

Президент ёшларнинг таълим ва IT соҳасидаги ютуқларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида 325 минг ёш ўқитилганини, халқаро тил сертификати олган ёшлар сони икки бараварга ошганини таъкидлади. Хусусан, Хоразм, Қашқадарё ва Самарқанд ёшлари IT соҳасида катта даромад топишни ўрганаётгани қайд этилди.

Шунингдек, Президент маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолиятини кучайтириш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш ва уларни таълим ҳамда касбга йўналтириш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада тадбиркорлар, ҳокимлар ва ўқув марказлари ўртасида ҳамкорлик платформаси яратиш таклиф қилинди.

Яқинда республикада 8 300 та янги лойиҳа ишга туширилиши ва 292 мингта иш ўрни яратилиши маълум қилинди. Шунингдек, 83 миллиард долларлик янги лойиҳалар орқали яна 500 мингта иш ўрни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Президент бу лойиҳалар учун кадрлар тайёрлашни ҳозирдан бошлашни топширди.

Шавкат Мирзиёев Беруний номидаги халқаро мактаб фаолияти бошланганини эълон қилди. Ҳар йили 3 минг нафар иқтидорли ёш дунёнинг нуфузли университетларига тайёрланади, шулардан 300 нафари эҳтиёжманд оилалар фарзандлари бўлади.

Давлат раҳбари «Эл-юрт умиди» жамғармаси имкониятлари кенгайтирилганини, банклар топ-300 олийгоҳга кирган ёшларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратишини маълум қилди.