Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистонга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиқларини прогрессив шкалага ўтказишни, солиқ имтиёзларини қисқартиришни ва солиқ базасини кенгайтиришни тавсия қилди. Ташкилот мамлакат бюджетини мувозанатлаш учун солиқ юкини ошириш зарурлигини қайд этган.
ХВЖ нинг бу таклифлари маҳаллий иқтисодчилар томонидан танқидга учради. Иқтисодчи Отабек Бақиров бу каби чоралар Ўзбекистонда расмий меҳнат бозоридаги ижобий ўзгаришларни тўхтатиши, иш ҳақларининг яширин тўловларига қайтиш хавфини ошириши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, юқори даромадли қатлам асосан дивиденд ва корпоратив харажатлар орқали фойда олади, яъни прогрессив солиқ уларга таъсир қилмайди.
Бақиров солиқ юкини ошириш ўрнига, яширин имтиёзларни бекор қилиш ва солиқ тўлашдан қочаётганлардан ҳисоб сўраш лозимлигини таъкидлади. Ушбу вазиятда давлат қарзини қисқартириш учун ҳам асосий ечим бюджет харажатларини назорат қилиш, деб ҳисоблайди.
Иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам ХВЖ нинг солиқ юкини ошириш бўйича тавсияларини қўллаб-қувватламаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳозирча ривожланган бозор иқтисодиёти эмас ва бу ерда солиқ юки юқори бўлиши иқтисодий ўсишга жиддий тўсиқ қўяди.
Юсупов давлат харажатлари ҳаддан ташқари ўсиб кетаётганини, давлат сектори улуши юқорилигини ва бизнес учун ортиқча юк яратилаётганини таъкидлади. У давлат иштирокини камайтириш, бозор механизмларини қўллаб-қувватлаш ва амалдаги имтиёзлар тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди.
Иқтисодчига кўра, Ўзбекистон иқтисодий тараққиётга эришиш учун давлат харажатларини 1,5-2 баробарга қисқартириши, давлат мулки улушини камайтириши ва солиқ ҳамда қарз юкини енгиллаштириши лозим. Шу билан бирга, импорт божларини тушириш ва давлатнинг иқтисодиётдаги ролига чек қўйиш керак.
Юсупов ХВЖ нинг тавсияларини Ўзбекистоннинг реал институционал ва иқтисодий шароитларини ҳисобга олмасдан берилган, деб баҳолади. Унинг фикрича, бундай механик ёндашув мамлакат учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.