2022 йил 5 июл куни Афғонистон ҳудудидан Термиз шаҳрига бешта реактив снаряд отилган эди. Снарядлар портламаган бўлса-да, тўртта хонадон ва бир спорт майдонига шикаст етказган. Ўша ҳодиса ортидан олиб борилган суриштирув натижасида ҳужум иштирокчиси Обид Сапаров Покистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди.
Тошкент шаҳри Яккасарой туман суди 2025 йил 26 июн куни Сапаровни жиноят кодекси бўйича айбли деб топиб, 16 йиллик қамоқ жазосини тайинлади. Суд ҳужжатларига кўра, Сапаров 2013 йилда Қашқадарё вилоятида «Жиҳодчилар» жамоасига қўшилган ва кейинчалик Покистонга бориб, «Туркистон ислом ҳаракати» ва «Ислом давлати Хуросон вилояти» сафларида фаолият юритган.
Сапаров қурол-яроғ ва портловчи моддаларни тайёрлашни ўрганган, Афғонистондаги жанговар ҳаракатларда қатнашган. У Покистон ва Афғонистон ҳудудида бир неча террористик ҳаракатларда иштирок этган. 2022 йилда Термиз шаҳрига ракета снарядлари отишда ҳам фаол иштирок этгани аниқланган.
Покистонда қўлга олинган Сапаров 2025 йил 24 январ куни Ўзбекистонга олиб келинган ва суд жиноятларни тўлиқ исботлаган. Суд жараёнида у қилмишидан пушаймонлигини билдириб, енгилроқ жазо сўраган бўлса-да, унинг ҳаракатлари оғир жиноят сифатида баҳоланган.
Сапаров Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексидаги бир қатор оғир моддалар билан айбли деб топилди ва жазоларни қисман қўшиш орқали 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унга терроризм, конституциявий тузумга тажовуз, қўпорувчилик, диний экстремизм ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш айблари юкланди.