Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази жорий йилнинг 2–5 июл кунлари учун тезкор об-ҳаво маълумотини эълон қилди. Унга кўра, бу кунларда мамлакат ҳудудига жанубий йўналишдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда.
2 июл куни республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида ҳарорат 40–43 даражага етиши мумкин. 3–5 июл кунлари эса мамлакатнинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 43 даражадан ошиб, айрим чўл ва жанубий ҳудудларда 44–46 даражани ташкил қилиши тахмин қилинмоқда.
Кундузги вақтларда шамол тезлиги 13–18 м/с ни ташкил этиши, 3–5 июл кунлари айрим ҳудудларда 20–25 м/с гача кучайиши мумкинлиги айтилмоқда. Шамол таъсирида айрим жойларда чанғ-тўзонлар кузатилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.