Денов тумани собиқ судяси 5 йилга қамалди
Денов тумани судининг собиқ раиси К.М. маст ҳолда содир этган ҳалокатли йўл транспорт ҳодисаси учун 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд жараёни Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, у Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Суд ҳукмига кўра, унга 3 йилга транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва манзил-колонияда жазо ўташ белгиланди.
Олий суд маълумотига кўра, айбланувчи К.М. 1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган бўлиб, ўша пайтда Денов туман суди раиси лавозимида фаолият юритган. У маст ҳолда автомашина бошқариб, ҳалокатли авария содир этган ва натижада у билан бирга бўлган адвокат ҳалок бўлган. Суд ҳукми устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш имконияти мавжуд.
Термизга снаряд отган шахс 16 йилга қамалди
2022 йилда Афғонистон ҳудудидан Термиз шаҳрига бешта реактив снаряд отилишида иштирок этган Обид Сапаров Покистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилди ва суд томонидан 16 йилга озодликдан маҳрум этилди. У снарядлар портламаган бўлса-да, тўртта хонадон ва бир спорт майдонига шикаст етказган ҳужумда фаол қатнашгани аниқланган.
Суд маълумотларига кўра, Сапаров аввал «Жиҳодчилар» жамоасига қўшилиб, кейинчалик Покистон ва Афғонистонда террорчи ташкилотлар сафида фаолият юритган, жанговар ҳаракатларда иштирок этган. У қурол ва портловчи моддалар тайёрлашни ўрганган, шу боис унинг ҳаракатлари оғир жиноят сифатида баҳоланиб, терроризм, қўпорувчилик ва конституциявий тузумга тажовуз каби моддалар билан айбланган.
Тошкент метросида ноодатий вагон пайдо бўлди
Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Тошкент метрополитени ўзаро ҳамкорликда метро поездида ноодатий кўриниш акс эттирувчи лойиҳани йўлга қўйди. Унга кўра, айни вақтда 1 та метропоездида ёшларнинг вақтини унумли ўтказишни тарғиб этувчи (Ибрат фарзандлари, Мутолаа, Устоз AI, Uzchess, Қизлар академияси, Яшил макон, Ёнда, Бек ва Лола, Ал-Хоразмий ва бошқалар) каби лойиҳаларни тарғиб этувчи креатив дизайнга келтирилди.
Ушбу поезд метрополитеннинг Чилонзор йўналишида 30 июнь санасидан ҳаракатланмоқда.
Ўзбекистонда уй сотиб олишда нақдсиз тўлов тартиби жорий этилади
Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоларини тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда. Солиқ қўмитасига кўра, бу тартиб орқали хуфийона иқтисодиётга қарши самарали кураш таъминланади.
Янги талабларга кўра, уй сотиш ва сотиб олиш фақат банк орқали расмийлаштирилади, бу эса савдоларда қонунийликни оширишга хизмат қилади. Президент қарори билан тасдиқланиши кутилган мазкур ташаббус ҳақида Сенат йиғилишида маълум қилинди.
Солиқ қўмитаси вакиллари дунё тажрибасига ишора қилиб, йирик молиявий операцияларни нақдсиз шаклга ўтказиш глобал тенденция эканини таъкидлади. 2024 йилда уй нархлари бозор қийматидан ўртача 17 фоизга юқори бўлгани ва ипотека шартларидаги чекловлар туфайли савдолар 2,2 фоизга камайгани қайд этилди. Янгича тартиб нафақат молиявий шаффофлик, балки бозорни барқарорлаштиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
843 кишини арзон кредит ваъдаси билан алдаган «уддабуронлар» қўлга тушди
Ўзини «автолизинг компанияси» сифатида кўрсатган фирмалар гуруҳи арзон кредит ваъдаси билан 843 нафар фуқарони алдаб, жами 50,1 миллиард сўм маблағни ўзлаштиргани аниқланди. Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ушбу компаниялар ижтимоий тармоқлар орқали реклама тарқатиб, аҳолини 6−12 фоизли тўлов шароитида автомобиль олиб беришга ишонтирган ва мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритган.
Тергов доирасида гуруҳга тегишли 339 та машинага хатлов қўйилди, 9 нафар шахсга айблов эълон қилинди ва улар қамоққа олинди. ИИВ вице-вазири раҳбарлигида махсус штаб тузилиб, ҳар куни жабрланувчилар мурожаатлари қабул қилинмоқда. Вазирлик суратдаги шахслар ёки алдаб кетган компаниялар фаолияти ҳақида маълумоти бор шахсларни 102 рақами ёки штабга мурожаат қилишга чақирмоқда.