ХВЖ хулосаларида таъкидланишича, ҳозирча Ўзбекистонда ДХШ шартномаларини қайта кўриб чиқиш билан боғлиқ жиддий ҳолатлар кузатилмаган. Бироқ жамғарма экспертлари келажакда бундай муҳокамаларга эҳтиёж туғилиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бу эса шартномаларнинг барқарорлигини таъминлаш ва ортиқча давлат мажбуриятлари олдини олишда муҳим саналади.
ДХШ лойиҳалари давлат харажатларини қисқа муддатда камайтириши мумкин, аммо ХВЖ таҳлилларига кўра, келажакда давлат учун катта тўлов мажбуриятлари юзага келиши эҳтимоли бор. Масалан, электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларида давлат асосий харидор сифатида келгусида катта маблағ тўлашга мажбур бўлиши мумкин. Бундай ҳолатлар давлат қарзи ва бюджет лимитларига босимни кучайтиради.
Ўзбекистоннинг 2025 йилги бюджети доирасида янги ДХШ лойиҳалари учун 6,5 миллиард долларлик чегара белгилангани ХВЖ томонидан юқори баҳоланди. Экспертлар бу лимитни кейинги йилларда пасайтиришни тавсия этмоқда. Бу давлат мажбуриятларининг ортиб кетиши хавфини камайтиради.
Яна бир муҳим риск манбаи сифатида лойиҳаларни танлашда марказлашган тизимнинг йўқлиги кўрсатилмоқда. Агар ДХШ лойиҳалари самарадорлик нуқтайи назаридан ягона марказлашган платформа орқали баҳоланмаса, паст самарали лойиҳалар тасдиқланиб кетиши хавфи ортади. Шу боис, ХВЖ Ўзбекистонни лойиҳалар танлови ва тасдиғи жараёнларини кучайтиришга чақиради.