Хитой электр тармоқларини ишдан чиқарадиган янги ракета турини намойиш этди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитой давлат телевидениеси электр тармоқларини ишдан чиқаришга қодир янги турдаги ракета ҳақида анимацион видеоролик намойиш қилди. Бу қурол ҳавога углерод толаларини сочиб, юқори волтли тизимларда қисқа туташувлар юзага келтириши мумкин.

Xitoyda yangi qurol

Хитой давлат телевидениеси CCTV электр тармоқларини ишдан чиқаришга қодир янги турдаги ракета ҳақида видеоролик намойиш қилди. Роликда ракета ерусти қурилмасидан учирилиши ва ундан 90 та цилиндрсимон жанговар элементлар ажралиб, ерга тушганида портлаш жараёни акс этган.

Портлаш вақтида ҳавога кимёвий ишлов берилган ингичка углерод толалари сочилиши қайд этилган. Бу толалар юқори волтли энерготизимларда қисқа туташувларни юзага келтириши мумкин. Бундай снаряд ёрдамида камида 10 минг метр квадрат майдонда кенг кўламли электр узилишлари содир бўлиши эҳтимоли бор.

South China Morning Post нашри маълумотларига кўра (https://www.scmp.com/news/china/military/article/3316270/video-teases-new-chinese-blackout-bomb-can-knock-out-enemy-power-stations?module=top_story&pgtype=homepage), ушбу қурол Хитой Мудофаа вазирлигининг пудратчиси бўлган Хитой аэрокосмик фан ва технология корпорацияси томонидан ишлаб чиқилган. CCTV қуролнинг аниқ номи ва яратилиш босқичлари ҳақида маълумот бермаган, уни «маҳаллий ракеталарнинг сирли тури» сифатида атаган.

Мазкур қурол тури графит бомба технологиясига асосланган бўлиши мумкин. Бундай қуроллар илк бор Иккинчи жаҳон уруши даврида синовдан ўтказилган. 1991 йилда АҚШ графит бомбалардан Ироқда фойдаланган, натижада мамлакат электр таъминотининг 85 фоизи ишдан чиққан. Кейинроқ бундай қуроллар 1999 йилда Сербияда ва 2003 йилда Кобулда ҳам қўлланган.

Душман инфратузилмасини издан чиқариш мақсадида ишлатиладиган бу каби қуроллар жаҳон ҳарбий амалиётида кўп йиллардан буён қўлланиб келинмоқда.