28-29 июн дам олиш кунлари Ғарбий Европада кучли иссиқлик тўлқини кузатилди. Кундузи ҳаво ҳарорати кўплаб шаҳарларда +35 даражадан ошди. Испаниянинг Португалия билан чегарадош Эл Гранадо шаҳрида +46 даража ҳарорат қайд этилди. Бу Испания тарихида июн ойида кузатилган энг юқори ҳарорат сифатида қайд этилди. Бу ҳақда «Deutsche Welle» хабар берди.
Лондонда 30 июн куни +35 даража ҳарорат кутилмоқда. Бу йилнинг энг юқори кўрсаткичи бўлади. Ушбу куни Уимблдон теннис турнири бошланиши режалаштирилган ва биринчи кун тарихдаги энг иссиқ Уимблдон сифатида қайд этилиши мумкин.
Германияда ҳам +30 даража ва ундан юқори ҳарорат қайд этилди. Мамлакат метеорология хизмати 2025 йилнинг феврал-май ойлари орасида Германия 1881 йилдан буён кузатилган энг катта қурғоқчиликни бошидан ўтказганини маълум қилди. Рейн дарёси сатҳи сўнгги 100 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушган. Июн ойининг бошида ёмғир ёғган бўлса-да, кейинги кунларда деярли ёмғир кузатилмади. Метеоролог Доминик Юнгнинг таъкидлашича, бу ёз жуда иссиқ ва қуруқ бўлиши мумкин. Германиянинг айрим ҳудудларида кундузи суғориш тақиқланган.
Францияда 29 июн куни жанубий Лангедок ҳудудида ўрмон ёнғинлари бошланди. Ёнғин туфайли Фонфруад аббатлиги эвакуация қилинди. Тулуза ва Нарбонна шаҳарлари ўртасидаги автомагистрал ҳар икки йўналишда ёпилди. Франция ҳукумати ушбу ҳолат сабаб фавқулодда йиғилиш ўтказди ва баъзи ҳудудларда мактаблар вақтинча ёпилди. Парижда яқин кунларда +35 даражадан юқори ҳарорат кутилмоқда.
Метеорологлар жазирама Ғарбий Европада 2 июлгача давом этиб, шундан сўнг шарққа кўчиши, 3 июлдан эса Германияда ёмғир ёғиши мумкинлигини башорат қилмоқда.