Адам Қодировнинг тўйи: Грознийда Россия ва хориж элитаси йиғилди

20:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўғли Адам Қодировнинг 28 июн куни бўлиб ўтган тўй маросимида қатнашган ва табрик йўллаган юқори лавозимли меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

Adam

Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг телеграм-канали орқали 17 ёшли ўғли Адам Қодировнинг тўй маросими муносабати билан уни табриклаган ва тантанага ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдирди.

Тўй маросими 28 июн куни бўлиб ўтди. Адам Қодиров Медни исмли қизга уйланди. Тантанада Россия бош вазир ўринбосарлари Денис Мантуров ва Александр Новак, президентнинг Шимолий Кавказ федерал округидаги вакили ҳамда собиқ Бош прокурор Юрий Чайка, ЛДПР партияси раиси Леонид Слуцкий, шунингдек, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Қозоғистон элчилари иштирок этган.

Бундан ташқари, Москва вилояти, Адигея, Қорачой-Черкас, Кабардо-Балкар, Татаристон, Ингушетия, Шимолий Осетия, Доғистон ҳамда Украинанинг аннексия қилинган Донецк вилояти раҳбарлари ҳам тўйда қатнашган.

Қодировнинг сўзларига кўра, Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин, Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ва президент маъмурияти раҳбари Антон Вайно ўз табрикларини йўллаган.

Рамзан Қодиров аввалроқ Россия президенти Владимир Путин ҳам унинг ўғлини шахсан табриклаганини таъкидлаган.