«O‘zaviatsiya» агентлиги маълумотига кўра, Хитойнинг «Air China» авиакомпаниясига Ўзбекистонга мунтазам парвозлар амалга ошириш учун расмий рухсатнома берилди. Бу қарор Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида 1994 йил 19 апрелда имзоланган Ҳукуматлараро битим асосида қабул қилинган.
Янги рухсатнома авиакомпанияга Пекин—Тошкент—Пекин ва Урумчи—Тошкент—Урумчи йўналишларида мунтазам рейслар ташкил этиш имконини беради.
«Air China» ушбу йўналишларда Boeing-737-800/8 (MAX) ва Airbus-330-300/200 турдаги замонавий ҳаво кемаларидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳаво қатнови сўнгги йилларда фаол ривожланмоқда. Янги парвозлар икки мамлакат ўртасидаги транспорт ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Янги йўналишлар орқали савдо, туризм ва маданий алоқаларнинг кенгайиши кутилмоқда. Мазкур парвозлар икки мамлакат фуқаролари учун қулайлик яратиши ва авиа қатновлар географиясини янада кенгайтириши таъкидланмоқда.