Ҳалол саноатини ривожлантириш: Малайзия Қашқадарёда йирик лойиҳа бошламоқчи

12:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Малайзия компаниялари Қашқадарё вилоятида «ҳалол» маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш ва Ўзбекистонни минтақавий «ҳалол» марказига айлантириш ниятида.

Малайзиянинг «CB Synergy», «Perak Halal Corporation» ва «PK-Agro Industrial Products» компаниялари Қашқадарёда «ҳалол» озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун консорциум тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ва Малайзия компаниялари раҳбарлари ўртасидаги учрашувда маълум қилинди.

Малайзия томони мазкур ташаббусни Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш ва «ҳалол» саноати учун зарур экотизимни яратиш бўйича келишув тузиш ниятида.

Бундан ташқари, Малайзия Ислом тараққиёти департаментининг «ҳалол» сертификатларини Ўзбекистонда тўғридан-тўғри бериш тизимини жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда. Бу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорга чиқиш имкониятлари кенгаяди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноатида янги имкониятлар очиши ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.