Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг июн ойида Ўзбекистонда истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,2 фоизга пасайган. Бу кўрсаткич охирги вақтларда инфляция пасайишининг муҳим белгиси сифатида қайд этилмоқда.
Қўмита маълумотига кўра, йиллик истеъмол нархлари индекси 108,7 фоизни ташкил этиб, 2024 йил июнь ойига нисбатан 1,9 фоиз бандга камайган. Ўтган йили бу кўрсаткич 110,6 фоиз бўлган.
Июн ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 1,1 фоизга арзонлашган. Шу билан бирга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга қимматлашгани, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,8 фоизга ошгани қайд этилган.
Ўрганишлар мамлакат бўйлаб 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарида амалга оширилган. Умумий ҳисобда 170 мингга яқин товар ва хизматлар нархлари қайд этилган. Бунда 420 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 90 турдаги хизматлар қамраб олинган.
Истеъмол нархлари пасайиши инфляция босимининг бироз юмшараётганини кўрсатмоқда. Шундай бўлса-да, айрим хизматлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларида ўсиш тенденцияси сақланиб қолмоқда.