Наманган вилояти Косонсой туманида фуқаролардан бири қалбаки 20 минг АҚШ долларини ҳақиқий 14 минг долларга сотишни таклиф қилган пайтда ушланган. У ўзини ишончли шахс сифатида кўрсатиб, сохта валюталарни муомалага киритишга уринган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирида мазкур шахс қалбаки 8 минг долларни сотиш жараёнида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар текширув натижасида аниқланишича, ушбу қалбаки долларлар 1985 йилда туғилган Косонсойлик фуқародан олинган. У эса сохта 6 минг долларни 1992 йилда туғилган бошқа шахсдан қабул қилгани маълум бўлган.
Жиноят иштирокчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов давомида улар қамоққа олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳодиса бўйича қўшимча маълумотлар тергов якунига кўра маълум қилинади.