Сурхондарёда йирик ҳажмдаги насос ёрилиб кетди
30 июнь куни соат 12:50 лар атрофида Жарқўрғон туманида жойлашган «Боботоғ» насос станциясининг 1-коллектори 7-участкасида диаметри D-2850 миллиметр бўлган қувурда ёрилиш ҳолати юзага келган. Оқибатда юқори босимли сув отилиши кузатилган.
Авария юзасидан зудлик билан дастлабки чоралар кўрилган. 1-коллектордаги 3 та насос агрегати фаолияти фавқулодда тўхтатилган. Шундан сўнг махсус тезкор бригада ҳодиса жойига етказилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилган. Соат 21:00 да таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланган ва 21:20 да насос агрегатлари қайта ишга туширилган.
Ўзбекистоннинг сунъий йўлдоши қанчага тушиши тахмин қилинди
Ўзбекистон 2028 йилгача ўзининг илк сунъий йўлдошини учиришни режалаштирмоқда. «Ўзбеккосмос» агентлиги бу лойиҳани миллий хавфсизлик ва технологик мустақиллик нуқтайи назаридан муҳим, деб баҳоламоқда.
Агентлик раҳбари ўринбосари Муҳиддин Иброҳимовга кўра, глобал беқарорлик сабабли хориждан сунъий йўлдош маълумотларини сотиб олишда чекловлар кўпаймоқда, шунингдек, айрим давлатлар маълумот етказиш ёки технологиялар экспортига тўсқинлик қилмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон мустақил равишда маълумот тўплаш имкониятига эга бўлиши керак. Иброҳимовнинг айтишича, сунъий йўлдош учириш харажатлари унинг техник хусусиятларига қараб 50 миллиондан 100 миллион долларгача бўлиши мумкин.
Саудия Арабистонида 8 нафар ўзбекистонлик ҳаж зиёратчиси вафот этди
«Ҳаж–2025» мавсумида Саудия Арабистонида 8 нафар ўзбекистонлик зиёратчи вафот этди. Расмий маълумотларга кўра, уларнинг 4 нафари расмий рўйхатдаги ҳаж сафари иштирокчилари бўлган, қолган 4 нафари эса ноқонуний йўллар орқали Маккага борган фуқаролардир. Вафот этиш сабаблари асосан оғир иқлим ва мавжуд касалликлар билан боғлиқ бўлган.
Жорий йилги ҳаж тадбирларида 15 мингдан ортиқ ўзбекистонлик иштирок этди. Зиёратчиларнинг келиб-кетиши махсус рейслар орқали ташкил этилди. Бош консулхона маълумотига кўра, 40 дан зиёд фуқаро ҳужжатларини йўқотган, уларга қайтиш учун гувоҳномалар расмийлаштирилган. Зиёратчиларга тиббий хизмат ва ҳуқуқий ёрдам ўз вақтида тақдим этилган.
Тошкентдаги машҳур Ўрикзор «Stroy Gorod» бозори нега тўсатдан ёпилди?
Тошкент шаҳри Учтепа туманида жойлашган машҳур «Stroy Gorod» қурилиш бозори 27 июндан бошлаб вақтинча ёпилди. Расмий маълумотларга кўра, бу қарор Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 13 июндаги ҳал қилув қарори асосида қабул қилинган. Сабаб сифатида бозордаги «ОЗИҚ-ОВҚАТ СТАНДАРТ КАРТОН» МЧЖга тегишли биноларда ёнғинга қарши қонунбузарликларнинг тўлиқ бартараф этилмагани кўрсатилган.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда бозор электр энергиясидан узилгани ҳақида тарқалган хабарлар Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан рад этилди. Электр таъминоти билан боғлиқ муаммо кузатилмаган.
Мирзиёев Озарбойжонга жўнаб кетмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2–4 июль кунлари давлат ташрифи билан Озарбойжонга жўнаб кетмоқда. Ташриф Озарбойжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан амалга оширилаётган бўлиб, Боку шаҳрида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ҳамда бошқа юқори даражадаги учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ташриф доирасида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, кооперация ва ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Мирзиёев 4 июл куни Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида иштирок этади ва бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.