Ўзбекистон миллий валютаси 31 ёшда: сўм ҳақида 8 қизиқарли факт

18:00 | 13 дақиқада ўқилади.

Бугун Ўзбекистон миллий валютаси — сўмнинг расман муомалага киритилганига 31 йил тўлди. Сўм 1994 йилда жорий этилган, ҳозиргача республиканинг барча ҳудудларида ягона тўлов воситаси сифатида фаолият кўрсатмоқда. Қуйида унинг шаклланиш тарихи ва ҳозирги аҳволи ҳақида 8 муҳим маълумот тақдим этамиз.

Sum1
  1. Қирқиб олинадиган бир марталик купон

Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 августда мустақилликка эришганидан кейин ҳам совет рубли муомалада қолган. 1992 йил январидан бошлаб истеъмол бозорини ҳимоялаш ва маҳсулотларни фақат Ўзбекистон фуқароларига сотиш учун бир марталик купонлар босиб чиқарилган.

1993 йил 15 ноябрда сўм-купонлар жорий этилиб, 22 ноябргача қирқиб олинадиган карточка купонлар ҳам амал қилган. Бу купонлар 10, 25, 50, 100, 150, 200, 350, 500, 1000, 2000, 3000, 5000 рублга яраша карточкалар кўринишида бўлиб, озиқ-овқат ва умумий овқатланиш дўконларида тўлов сифатида қабул қилинган.

Sum2

  1. Сўм-купон даври

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 12 ноябрдаги №550-сонли қарорига биноан, сўм-купонлар 1993 йил 15 ноябрдан муомалага киритилди. Бу купонлар ички бозорни ортиқча рубл массасидан ҳимоялаш ва  аҳолига пул маблағларини тўлашни ўз вақтида таъминлаш мақсадида 1961–1992 йилларда амалда бўлган совет рублига 1:1 нисбатда фойдаланилган.

1, 3, 5, 10, 25, 50, 100, 200, 500, 1000, 5000, 10000 сўмлик купонларнинг олд томонида Ўзбекистон герби ва пул номинали, орқа томонида эса Регистон майдонидаги Шердор мадрасаси тасвирланган. Улар Англиядаги «Harrison & Sons Ltd» босмахонасида чоп этилган. Сўм-купонлар 1994 йил 1 августгача амал қилган.

Sum3

  1. Сўмнинг муомалага киритилиши

Ўзбекистоннинг амалдаги миллий валютаси сўм — Ўзбекистон Республикаси Олий кенгашининг 1993 йил 3 сентябрдаги №952-XII қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 16 июндаги ПФ-870 сонли фармонига биноан, 1994 йилнинг 1 июлида, ўзигача амалда бўлган сўм-купонга 1:1000 нисбатда муомалага киритилган.

Дастлаб 1, 3, 5, 10, 20, 50 тийинлик тангалар ва 1, 3, 5, 10, 25, 50, 100 сўмлик купюралар чиқарилди. Сўмнинг биринчи кунлардаги курси 1 АҚШ долларига нисбатан 7 сўм этиб белгиланган эди.

 

  1. Сўмлар қаерда зарб этилган?

1994 йилдаги 100 сўмгача бўлган банкноталар Германиянинг «Giesecke & Devrient» фирмасида босилган. 1997 йилдан бошлаб 200 сўмлик ва ундан юқори купюралар Тошкентдаги “Давлат белгиси” давлат корхонасида босиб чиқарилмоқда.

 

  1. Сўм дизайни ва ундаги шаҳарлар

Сўм дизайни миллий тарихи, архитектураси ва маданиятини ўзида акс эттиради. Масалан:

  • 1 сўмликда — Алишер Навоий номидаги давлат академик Катта театри;
  • 3 сўмликда — Бухородаги Чашмаи Айюб мақбараси;
  • 5 сўмликда — Ўзбекистон миллий боғидаги Алишер Навоий шарафига ўрнатилган ҳайкал ва меъморий композиция;
  • 10 сўмликда — Самарқанддаги Гўри Амир мақбараси;
  • 25 сўмликда — Самарқанддаги «Шоҳи Зинда» тарихий-меъморий ансамбли;
  • 50 сўмликда — Самарқанддаги Регистон тарихий-меъморий ансамбли;
  • 100 сўмликда — Тошкент шаҳридаги Халқлар дўстлиги санъат саройи.

Sum4

Кейинчалик, Тошкентда 144 х 78 мм ўлчамда чоп этилган катта купюраларнинг дизайни ўзгартирилган. Олд қисмида Ўзбекистон Республикасининг катталаштирилган герби, орқа қисмида асосан мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар тасвирланган:

  • 200 сўмликда — Самарқанддаги Регистон ансамблининг Шердор мадрасасида тасвирланган, қуёш орқалаган шернинг рамзий тасвири;
  • 500 сўмликда — Тошкентда Амир Темурга ўрнатилган ҳайкал;
  • 1000 сўмликда — Тошкентдаги Темурийлар тарихи музейи биноси;
  • 5000 сўмликда (2013 йил) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси биноси;
  • 10000 сўмликда (2017 йил) — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати биноси;
  • 50000 сўмда (2017 йил) — олд тарафида Тошкентдаги «Эзгулик аркаси», орқа тарафида Форумлар саройи тасвирланган.
  • 100000 сўмда (2019 йил) — олд тарафида Мрзо Улуғбек хайкали, орқа тарафида Мирзо Улуғбек обсерваторияси тасвирланган.

Янги дизайндаги банкнотлар 2021 йилдан чиқа бошлаган ва уларда қўйидаги тасвирлар бор:

  • 2000 сўмликда — олд тарафида Пойкенд археология ёдгорлиги, орқа тарафида Бухоро Арки;
  • 5000 сўмликда — олд тарафида Афросиёб археология ёдгорлиги, орқа тарафида Самарқанддаги Шердор мадрасаси;
  • 10000 сўм — олд тарафида Шоштепа археология ёдгорлиги, орқа тарафида Тошкентдаги Кўкалдош мадрасаси;
  • 20000 сўм — олд тарафида Жонбос қалъа археология ёдгорлиги, орқа тарафида Қорақалпоғистондаги Қўйқирилганқалъа;
  • 50000 сўм — олд тарафида Фаёзтепа археология ёдгорлиги, орқа тарафида Ал-Ҳаким ат-Термизий мақбараси;
  • 100000 сўм — олд тарафида Ангкақалъа археология ёдгорлиги, орқа тарафида Хива шахридаги Ичан қалъа тасвирланган.

 

  1. Энг йирик купюра — 200 минг сўмлик

2022 йил 15 июлдан муомалага киритилган 200 000 сўмлик купюра ҳозирча энг йирик пул бирлиги ҳисобланади. Унинг олд тарафида — «Ахсикент археология ёдгорлиги», орқасида — Худоёрхон ўрдаси меъморий ёдгорлиги тасвирланган.

2025 йил июнидаги валюта курсларига кўра, 200 000 сўм тахминан 15,8 АҚШ долларига тенг.

 

  1. Танга сўмлар

Сўм қадри тушиб бориши билан паст номиналдаги қоғоз пуллар муомалада кўпроқ ушлаб турилиши учун танга кўринишидаги сўмларга алмаштириб борилган. Жумладан, 1997 йилда илк марта 1, 5 ва 10 сўмлик тангалар муомалага киритилган. Бундай кўринишдаги танга сўмлар 1998, 1999 йилларда ҳам ишлаб чиқарилган. 2000 ва 2001 йилларда 1, 5 ва 10 сўмлик тангаларнинг ҳажми кичрайтирилган ва дизайни ўзгартирилган.

Бундан ташқари, пўлат, мис ва никел қотишмали 50 сўмлик (2001) ва 100 сўмлик (2004) тангалар ҳам муомалага киритилган.

Шунингдек, 2018 йилда 50, 100, 200, 500 сўмлик янги дизайндаги танга, 2022 йилда эса 1000 сўмлик танга жорий этилди

 

  1. Эсдалик тангалари

Марказий банк турли тарихи сана ва шахсларга бағишлаб эсдалик тангалар чиқарган. Улардан баъзилари:

  • 1999 — Жалолиддин Мангуберди (25 сўм),
  • 2002 — Шаҳрисабзнинг 2700 йиллиги (50 сўм),
  • 2009 — Тошкентнинг 2200 йиллиги (100 сўм),
  • 2011 — Мустақилликнинг 20 йиллиги (500 сўм).

Шунингдек:

  • 1994 — Мирзо Улуғбек (1 сўм), Мустақилликнинг 3 йиллиги (10 сўм),
  • 2001 — Навоий (100 сўм жез),
  • 1999 — “Буюк сиймолар” сериясидаги 100 сўмлик кумуш тангалар (Ибн Сино, Беруний, Темур, Навоий ва бошқалар),
  • 2001 — “Мустақилликка 10 йил” серияси (Навоий ҳайкали, Регистон, Олий Мажлис, футболчи, полвонлар каби тимсоллар),
  • 1996–1997 — тилла қопламали ва 999 каратлик олтиндан ясалган чекланган сўм тангалар (Амир Темурга бағишланган 100 сўмлик танга ҳам шулар жумласидан).

Сўм — бу шунчаки тўлов воситаси эмас. У — давлат мустақиллиги, иқтисодий барқарорлик ва миллий рамз сифатида Ўзбекистоннинг муваффақиятли тараққиёти билан узвий боғлиқдир. Унинг 31 йиллик тарихи юртимизнинг иқтисодий ривожланиш йўлини англатади.