«Ўзбеккосмос» дала ёнғинларини кузатиш учун янги портал ишга туширди

16:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Фуқаролар ҳудудий ёнғинлар ҳақида онлайн маълумот олиш ва хабар юбориш имкониятига эга бўлди.

Kosmos

Ёз фасли кириши билан далаларда ёнғинлар кўпаймоқда. Бу айниқса буғдой йиғим-терими тугагач, баъзи фермерлар ва аҳоли томонидан бошоқ пояларини ёқиш оқибатида юзага келмоқда. Бундай ёнғинлар ҳавони ифлослантиради, атроф-муҳит ва одамлар саломатлигига жиддий хавф туғдиради.

«Ўзбеккосмос» агентлиги бу муаммонинг олдини олиш ва жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида dala¬yongini.cmspace.uz манзилида махсус портал ишга туширди. Ушбу платформа орқали фуқаролар реал вақт режимида республика ҳудудларидаги дала ёнғинлари, уларнинг жойлашуви ва ҳажми ҳақида тўлиқ маълумот олишлари мумкин.

Шунингдек, агентлик томонидан Telegram мессенжерида _@UzCosmos_Yongin_bot ишга туширилди. Фойдаланувчилар ушбу бот орқали дала ёнғинларига гувоҳ бўлган ҳолларда агентликка сурат ва манзилни тезкор равишда юборишлари мумкин. Бу восита орқали ёнғинлар ҳақидаги маълумотлар тезроқ масъул идораларга етиб бориши таъминланади.

Дала ёнғинлари табиий муҳитга жиддий зарар етказади. Улар қушлар, сут эмизувчилар, ҳашаротлар ҳаётини йўқ қилиши, ер унумдорлигини пасайтириши ва глобал исиш жараёнини кучайтириши мумкин. Шу боис профилактик чораларни ўз вақтида кўриш ва жамоавий масъулиятни ошириш муҳим аҳамият касб этади.