Пекинда илк гуманоид роботлар футбол учрашуви бўлиб ўтди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Пойтахтда бўлиб ўтган учрашув технология ютуқларини намойиш қилиш мақсадида ташкил этилди.

Pekin rrobots

Пекинда тарихда илк бор гуманоид роботлар иштирокида футбол ўйини ўтказилди. Bloomberg хабарига кўра, учрашув Пекин саноат зонасида ўтди ва унда роботлар учга қарши уч форматда беллашди. Гарчи ўйин анча секин ва қўпол тарзда кечган бўлса-да, асосий мақсад шоу эмас, сунъий интеллект ва робототехникадаги илғор технологияларни синовдан ўтказиш бўлди.

Роботлар одамлар аралашувисиз ҳаракат қилдилар. Улар сунъий интеллект алгоритмлари орқали майдондаги вазиятни баҳолаб, ўз қарорларини мустақил қабул қилди. Тўпни 18 метргача бўлган масофада 90 фоиз аниқлик билан таниб олиш, дарвоза, чизиқлар ва рақибларни аниқлаш каби вазифаларни камералар, сенсорлар ва симуляцияга асосланган чуқур ўрганиш технологияси орқали амалга оширишди.

Мусобақада Цинхуа университети ва Пекин ахборот технологиялари университети жамоалари қатнашди. 5:3 ҳисобида Цинхуа жамоаси ғалаба қозонди.

Мазкур ўйин жорий йил 15–17 август кунлари Пекинда ўтказилиши режалаштирилган Бутунжаҳон гуманоид роботлар ўйинларининг синов тадбири ҳисобланади. Унда спортнинг 11 тури, жумладан футбол, гимнастика ва енгил атлетика ҳам ўрин олади.