1 июл куни Россия Ташқи ишлар вазирлигида Озарбойжоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Рашад Мустафаев чақирилди. Учрашув давомида Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Бокунинг сўнгги дўстона бўлмаган ҳаракатлари бўйича расмий норозилик билдирди.
Россия томони айниқса Озарбойжонда юқори даражадаги давлатлараро тадбирларни бекор қилиниши, Озарбойжон оммавий ахборот воситалари орқали русофобия тарғиботи юритилиши ва «Спутник Озарбойжон» агентлиги ҳамда унинг ходимларига нисбатан қонунсиз хатти-ҳаракатлардан қаттиқ норози эканини таъкидлади.
Шунингдек, Россиядан чиққан барча ижодий жамоалар, жумладан болалар гуруҳлари иштирокидаги маданий тадбирларни Озарбойжонда тақиқлаш ҳолати ҳам қатор эътирозларга сабаб бўлди.
Россия Бокуга россиялик журналистлар Иван Картавы ва Евгений Белоусовни зудлик билан озод қилиш талабини ўз ичига олган нотани топширди. Россиянинг таъкидлашича, журналистлар ҳибсга олиниши икки томонлама муносабатларга жиддий таъсир кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, Екатеринбургда яқинда Озарбойжон фуқароларига нисбатан Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлланилган тергов ҳаракатлари қонун доирасида ўтказилган. Россия бу ҳолатнинг Озарбойжонда россияликларга нисбатан қилинган чоралар билан боғлиқ эмаслигини билдирди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Озарбойжондаги айрим мансабдор шахслар Россия ички ишларига аралашишга уринаётганини ҳам қайд этди. Бу юзасидан Россия Тергов қўмитаси қўшимча маълумот бериши айтилди.