Саудия Арабистонида 8 нафар ўзбекистонлик ҳаж зиёратчиси вафот этди

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ҳаж–2025 давомида 4 нафар расмий зиёратчи, 4 нафар эса ноқонуний йўл билан борганлар ҳаётдан кўз юмди.

Haj umra ziyorati

Жорий йилги «Ҳаж–2025» мавсумида Ўзбекистондан 15 мингдан ортиқ зиёратчи Маккадаги муқаддас жойларни зиёрат қилди. Ҳаж тадбирлари расмий идоралар, жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ишчи гуруҳлар ва мамлакатнинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳаж маросимлари давомида оғир иқлим ва мавжуд касалликлар сабаб 4 нафар расмий рўйхатдаги ўзбекистонлик зиёратчи вафот этган. Шунингдек, ҳаж мавсумида ноқонуний йўллар орқали Саудия Арабистонига борган яна 4 нафар фуқаро ҳам ҳалок бўлгани маълум қилинди.

Зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига бориши 13–30 май кунлари амалга оширилган бўлиб, уларнинг қайтиши 12–29 июн орасида тўғридан-тўғри авиақатновлар орқали таъминланди. Бу мақсадда Жидда халқаро аэропортидан турли вилоятларга рейслар йўлга қўйилди.

Бош консулхона маълумотига кўра, ҳаждан сўнг 40 дан ортиқ фуқаро хорижга чиқиш паспортини йўқотган. Уларга Ватанга қайтиш учун тегишли гувоҳнома расмийлаштиришда ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, ҳаж пайтида зиёратчиларга тиббий хизмат, ҳуқуқий кўмак ва ташкилий ёрдам ўз вақтида тақдим этилгани қайд этилди.