Цукерберг суперинтеллект устида иш бошлади, Meta акциялари рекорд даражага етди

22:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Meta асосчиси Марк Цукерберг инсон ақл қобилиятидан юқори вазифаларни бажара оладиган сунъий интеллект яратишни мақсад қилган янги бўлинмани йўлга қўйди. Бу хабар ортидан Meta акциялари тарихида илк бор $747,9 даражасига чиқди.

Metas

Meta компаниясида яратилган янги бўлинма Meta Superintelligence Labs (MSL) деб номланиб, уни сунъий интеллект соҳасида катта тажрибага эга менежер – Scale AI стартапининг собиқ раҳбари Александр Ван бошқаради. Цукербергга кўра, суперинтеллект орзудан реал воқеликка айланмоқда ва Meta бу жараёнда етакчи бўлади.

Инвесторлар бу ташаббусни ижобий баҳолаган. Meta акциялари 2025 йил бошидан буён 26 фоизга ўсиб, технологик компаниялар орасида энг яхши натижа қайд этди. Солиштириш учун, Nvidia акциялари шу даврда 17 фоизга ошган.

Янги лойиҳага мутахассисларни Цукерберг шахсан танламоқда. Taxминан 50 нафар муҳандис ва олимлар жалб қилинмоқда. Улар орасида OpenAI, Anthropic, Google, DeepMind каби илғор компаниялардан мутахассислар бор. CNBCʼга кўра, Meta айрим OpenAI ходимларига 100 миллион долларгача мукофот таклиф қилган.

Metaʼнинг мақсади – умумий сунъий интеллект (AGI) яратиш орқали Instagram ва WhatsAppʼдаги реклама хизматларидан тортиб, ақлли кўзойнаклар ва AI орқали видео яратишгача бўлган технологияларни жорий қилишдир.

Шу билан бирга, баъзи таҳлилчилар Meta олдидаги йўл мураккаб бўлишини тахмин қилмоқда. Reality Labs бўлинмаси 2020 йилдан бери $60 миллиард сарфлаганига қарамай, ҳозирча Ray-Ban ақлли кўзойнаклари ва Quest VR гарнитуралари каби маҳсулотлар билан чекланган.

Шунга қарамай, UBS таҳлилчилари Metaʼнинг акцияларини «сотиб олиш»ни тавсия этмоқда. Уларнинг фикрича, сунъий интеллект соҳасидаги катта сармоялар бозор томонидан инобатга олинган ва бу компания учун узоқ муддатли даромад келтириши мумкин.