Таиланд Конституциявий суди 1 июл куни бош вазир Пхетхонгтхан Чинаватни касбий этикани бузганлик айби билан вақтинча лавозимидан четлатди. CNN хабар беришича, бу қарор Камбоджанинг собиқ бош вазири Хун Сен билан ўтказилган суҳбат аудиоси тарқалганидан сўнг қабул қилинган.
Суҳбатда икки давлат ўртасидаги чегара можароси муҳокама қилинган. Ёзувда Чинават Камбоджа раҳбарини «амаки» деб атаган ва чегарада содир бўлган тўқнашувларда ўз армиясининг ҳаракатларини танқид қилган. Унинг Камбоджага ёрдам беришга тайёрлигини билдиргани ҳам қайд этилган.
Конституциявий судга 36 сенатордан иборат гуруҳ петиция тақдим этган. Улар Пхетхонгтхан Чинаватни миллий манфаатларга зид ҳаракатларда ва ахлоқий меъёрларни бузишда айблашган. Суд ишни кўриб чиқиш учун қабул қилди ва бош вазир лавозимидан вақтинча четлатилди.
Чинават ўзини ҳимоя қилиш учун 15 кун муддат олди. Унинг вазифасини вақтинча ўринбосари Сурия Жунгрунгреангкит бажаради.
Бош вазир суд қарорини қабул қилишини маълум қилди. У ўз баёнотида мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш ва аскарлар ҳаётини сақлаш мақсадида ҳаракат қилганини таъкидлади. Шунингдек, ушбу вазият туфайли ноқулайлик сезаётган ватандошларидан узр сўради.
Чинават 2024 йил август ойида бош вазир лавозимига тайинланган эди. У ўз лавозимида бир йилдан кам ишлади. Пхетхонгтхан Чинават — Таиланднинг собиқ бош вазири Таксин Чинаватнинг қизи ҳисобланади.