Темирйўл чипталарида ортиқча тўланган пуллар қайтарилади

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Темирйўл чипталари сотилишида 800 мингга яқин йўловчидан ноқонуний равишда ортиқча тўланган маблағлар қайтарилиши белгиланди. Бу қарор суд инстанциялари томонидан ҳам тасдиқланди.

Poyezd

Рақобат қўмитаси маълумотларига кўра, темирйўл чипталари бўйича ортиқча тўланган маблағлар истеъмолчиларга қайтариладиган бўлди. Қайд этилишича, «Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi» АЖ ва «Shahar atrofida yoʻlovchi tashish» МЧЖ 2024 йилда чипта сотиш жараёнида воситачилик йиғими ҳисобидан ортиқча пул ундирган.

Қўмита махсус комиссияси ўтказган текширувда жами 792 186 нафар истеъмолчидан ортиқча ҳақ ундирилгани аниқланган. Шунингдек, мазкур ташкилотларга ортиқча маблағларни қайтариш ва бундан кейин бундай ҳолатларга йўл қўймаслик топширилган.

Текширув натижалари асосида қўмита қарор чиқарган, бироқ темирйўл ташкилотлари бу қарор билан норози бўлиб, судга мурожаат қилган. Бир неча суд босқичларида уларнинг даъволари рад этилди ва қўмита қарори қонуний деб топилди.

Суд қарорларига кўра, «Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi» АЖ ва «Shahar atrofida yoʻlovchi tashish» МЧЖ ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариши ва қўшимча равишда молиявий жарима тўлаши шарт қилиб белгиланди.

Қайд этиш жоизки, Рақобат қўмитаси ушбу ҳолат орқали темирйўл хизматларида адолатли рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим қарорга эришди.