Тошкент аэропортида 3 қизни фоҳишалик учун Таиландга юбормоқчи бўлган аёл ушланди

11:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент халқаро аэропортида моддий қийналган 3 қизни фоҳишалик мақсадида Таиландга жўнатмоқчи бўлган 53 ёшли аёл қўлга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Foxishalar

Тошкент халқаро аэропортида 3 нафар қизни фоҳишалик учун Таиландга юборишга уринган аёл ушланди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот берди.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида яшовчи 53 ёшли аёл моддий жиҳатдан қийналган қизларнинг иш топиб пул ишлаш истагидан фойдаланиб, уларни фоҳишаликка жалб этиш мақсадида Таиландга юборишни режалаштирган.

21 июн куни Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти, Самарқанд вилояти ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида аэропортда ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи қизни юбориш жараёнида ушланган.

Тезкор тадбир пайтида 31, 23 ва 18 ёшли 3 нафар қиз Таиландга йўл олаётгани аниқланган. Тергов маълумотларига кўра, аёл Таиланддаги эркак таниши билан келишиб, у ерда қизларга иш топиш шарти билан 5 минг доллар олиши керак бўлган.

Қизлар эса уч ой давомида фоҳишалик қилиб, аёл талаб қилган маблағни топиб беришга мажбур этилиши режалаштирилган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг одам савдоси бўйича моддаси билан иш қўзғатилди.

Гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.