Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон 5 млрд доларлик йўл қуришни бошлади

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

30 июн куни Қирғизистон ҳудудида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг барча йўналишида қурилиш ишлари расман бошланди. Лойиҳа минтақа иқтисодиёти ва инфратузилмаси учун тарихий аҳамиятга эга.

China uzb kyrgyzia

Қирғизистон Республикасида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон халқаро темир йўлининг қурилиши расман янги босқичга ўтди. 30 июн куни мазкур йўналиш бўйлаб тўлиқ миқёсдаги қурилиш ишлари бошлангани хабар қилинди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Бакит Торобаев маълум қилди.

Торобаев сўзларига кўра, мамлакат ҳудудидаги темир йўл участкаси 304 километрдан зиёд бўлиб, унинг барча қисмида бир вақтнинг ўзида қурилиш бошланган. Қурилиш жараёнида умумий темир йўлнинг тахминан 40 фоизи тоннел ва кўприклар орқали ўтади. Жами 27 та тоннел ва 41 та кўприк қурилиши режалаштирилган.

Бу лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 миллиард доллар деб баҳоланган. Темир йўл қурилишини 2030 йилгача якунлаш режалаштирилган. Аввалроқ, 2024 йил 27 декабр куни лойиҳанинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган, унда Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Хитой раҳбари Си Жинпин ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этган. Улар ушбу лойиҳанинг бутун минтақа учун стратегик тараққиётидаги аҳамиятини алоҳида қайд этган.