Исроил 60 кунлик ўт очишни тўхтатишга рози бўлди — Трамп

11:20 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ маъмуриятига кўра, бу келишув тинчликка олиб бориши мумкин.

Trump netanyaxu

АҚШ президенти Доналд Трампнинг маълум қилишича, Исроил Ғазода 60 кунлик ўт очишни тўхтатишга оид зарур шартларга розилик берди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар тарқатди.

Трампнинг таъкидлашича, 1 июл куни унинг вакиллари Исроил расмийлари билан Ғазода самарали музокаралар олиб боришган. Музокаралар натижасида Исроил вақтинча ўт очишни тўхтатиш шартларини қабул қилган. Ушбу даврда барча томонлар билан тинчликни таъминлаш бўйича ишлар олиб борилиши режалаштирилган.

Ҳозирча ҲАМАС томонидан мазкур таклиф қабул қилиниши ёки йўқлиги номаълум. АҚШ ва Исроил маъмурияти бу келишувга ҲАМАС ҳам рози бўлишига умид қилмоқда. Трампнинг таъкидлашича, Қатар ва Миср ҲАМАСни келишувни қабул қилишга кўндиришга ёрдам бериши мумкин.

Маълумотларга кўра, таклиф Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф раҳбарлигида бир неча ой давом этган яширин музокаралар натижасида ишлаб чиқилган. Унда ҲАМАС манфаатлари ҳам ҳисобга олинган. Жумладан, исроиллик гаровга олинган фуқароларнинг фаластинлик маҳбуслар эвазига озод этилиши назарда тутилган.

1 июл куни Қатар томони ҳам Исроил, ҳам ҲАМАСга мазкур келишув лойиҳасини тақдим этган. Шунингдек, 30 июн куни Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху учрашув ўтказиши керак эди. Унда оловни тўхтатиш ёки Ғазода ҳарбий ҳаракатларни кучайтириш масаласи муҳокама қилиниши режалаштирилган эди.

Исроил расмийларига кўра, ҳукумат ҳали урушда барча мақсадларига эришмаган. ҲАМАС кучлари камайган, бироқ яширингани сабабли уларни аниқ нишонга олиш мураккаблашган.