Ўзбекистондаги йирик супермаркетлар тармоғида иш ҳақи миқдори эълон қилинди. Солиқ қўмитаси хабарига кўра, жорий йилнинг январ-май ойларида супермаркетлар ходимларининг ўртача ойлик маоши 5,8 млн сўмга тенг бўлди.
Таъкидланишича, «Korzinka» супермаркетлар тармоғида ходимлар ўртача 6,5 млн сўм маош олмоқда. Ушбу тармоқда 13 мингдан ортиқ ходим фаолият юритмоқда, бу бошқа супермаркетларга нисбатан анча юқори кўрсаткичдир.
Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бошқа супермаркетларда иш ҳақи қуйидагича шаклланмоқда: «Baraka» — 5,3 млн сўм, «Magnum» — 5,1 млн сўм, «Makro» — 5 млн сўм, «Havas» — 4,4 млн сўм, «Olma» — 4,3 млн сўм ва «Bi1» — 4,1 млн сўм.
Жами 22,7 минг нафар фуқаро супермаркетлар тармоғида иш билан банд. Беш ойлик даврда улар учун тўланган иш ҳақи жами 655,3 млрд сўмни ташкил этган бўлиб, шундан 311,3 млрд сўми 30 ёшгача бўлган ходимларга тўғри келган.
Айни пайтда соҳани рақамлаштириш орқали маълумотларни ҳудудлар ва савдо нуқталари кесимида кузатиш имконияти яратилмоқда. Бу жараён орқали ноқонуний айланмалар камайтирилиши ва бизнес жараёнлари шффофлигини ошириш мақсад қилинган.