Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрлашнинг янги тизими – «мактаб – техникум (лицей) – университет» тамойили амалга жорий этилади. Ушбу тизим асосида ўқувчиларни босқичма-босқич, узлуксиз ва касбий тайёрлаш мақсад қилинган.
Қарорга мувофиқ, таълим жараёнида амалий машғулот ва лаборатория ишларининг камида 25 фоизи хорижий профессорлар ва халқаро сертификатга эга мутахассислар иштирокида ташкил этилади. Бу эса ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини халқаро стандартларга яқинлаштириш имконини беради.
Жорий йил 1 сентябрдан тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 250- ва 273-сонли умумтаълим мактаблари Университетга бириктирилади. Университет ҳар ойда 7–9-синф ўқувчилари учун улар қизиқадиган соҳалар бўйича дарсдан ташқари машғулотлар ўтказади. Бу машғулотлар бевосита университет лабораторияларида амалга оширилади.
Университет, шунингдек, ўқувчиларнинг лабораторияларга хавфсиз ва тизимли ташрифини таъминлаш учун масъул бўлади. Ушбу янгилик таълим тизимида назария ва амалиётни янада яқинлаштиришга хизмат қилади.