Қирғизистонда сўнгги уч йил ичида жон бошига даромад қарийб икки баробар ошди. Бу Марказий Осиёда энг юқори ўсиш суръати бўлиб, йиллик иқтисодий ўсиш 9 фоизга яқин бўлди. Жон бошига даромад 2500 долларга етди. Солиштириш учун, шу даврда Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 37 фоизга, Қозоғистонда 42 фоизга ўсган.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрига кўра (https://t.me/the_bakiroo/10394), мамлакатда бундай ўсиш Жапаров ва Ташиев ҳокимияти томонидан кучли марказлаштириш сиёсати юритилгани, бюджет ва божхона тизимидаги тешиклар ёпилгани, миллий ресурслар қайтарилгани ва жиноий тузилмаларга қарши кураш кучайтирилгани билан боғлиқ. Шу орқали Қирғизистон давлат бюджети сўнгги тўрт йилда уч баробарга ошди ва ижтимоий харажатлар ортиб, аҳоли даромадларига сезиларли таъсир кўрсатди.
Иқтисодий ўсишга иккинчи омил сифатида Россияга қўйилган санкциялардан фойдаланиш ва Қирғизистоннинг параллел импорт хаби сифатида шаклланиши ҳам катта таъсир кўрсатган. Автомобиллар, техника ва турли товарлар Қирғизистон орқали Россияга кириб бораётгани охирги йилларда одатий ҳолга айланди.
Жаҳон валютасида ҳисобланган ўсиш суръати ушбу тенденция сақланса, 2026 йилда Қирғизистон жон бошига даромад бўйича Ўзбекистонни деярли қувиб етади. 2027 йилдан эса Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон фуқаросидан ўртача бойроқ бўлиши кутилмоқда. 2030 йилга келиб эса фарқ 1,5 баробарга етиши мумкин, деб ёзди иқтисодчи Миркомил Холбоев ўз телеграм каналида.
Қирғизистон бугунги кунда дунёда жон бошига даромади энг тез ўсган мамлакатлардан бирига айланди. Бу жараёнда минтақавий сиёсий ва иқтисодий шароит катта аҳамият касб этган. Мутахассислар Қирғизистон бу ўсишни сақлаб қолиш учун янги иқтисодий манбалар топиши кераклигини таъкидлашмоқда.