Душанба куни Боку шаҳридаги Россиянинг Sputnik агентлиги офисида ФСБнинг икки агенти қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқади. Ҳокимиятга яқин Озарбойжон нашрлари Россия ҳукуматини ва шахсан президент Владимир Путинни кескин танқид қилмоқда. Москва эса буни Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳаракатларига номутаносиб жавоб, деб баҳоламоқда.
Бироқ Бокунинг бундай қатъий реакцияси минтақада юз бераётган катта геосиёсий ўзгаришлар натижаси сифатида кўрилмоқда. Атиги бир неча йил аввал шунга ўхшаш воқеалар икки мамлакат муносабатларига бундай кучли таъсир кўрсатмас эди.
Экспертларнинг таъкидлашича, бугунги кунда Озарбойжон минтақавий барқудрат давлат сифатида шаклланиб, Жанубий Кавказда Москва етакчилигини шубҳа остига қўймоқда ва Россияга нисбатан билдирилаётган даъволарни айнан шу омил билан боғлашмоқда, деб ёзади BBC ўз таҳлилий мақоласида.
Узр сўраш кифоя бўлмаганда
Жума куни Екатеринбургда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 2001, 2010 ва 2011 йиллардаги қотилликлар билан боғлиқликда гумон қилинаётган шахсларни қўлга олиш жараёнини ўтказди. Қўлга олиш вақтида озарбойжонлик ака-ука Зиёддин ва Ҳусейн Сафаровлар вафот этди. Яна бир нечта киши касалхонага ётқизилди.
Озарбойжон манбалари маълум қилишича, Сафаров қардошларини қўлга олиш пайтида куч тузилмалари уларни «қўпол тарзда куч ишлатиб, бешафқатлик билан ўлдирган». Россия Тергов қўмитаси эса улардан бири юрак хуружидан вафот этганини, иккинчисининг ўлими сабаблари аниқланаётганини маълум қилди.
Рўй берган фожеа икки мамлакат ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир кўрсата бошлади. Бокуда Россия Бош вазири ўринбосари Алексей Оверчукнинг ташрифи ва россиялик мусиқачилар концертлари бекор қилинди. Шу билан бирга, ҳокимиятга яқин Озарбойжон матбуоти Россияни қаттиқ танқид остига ола бошлади. Бир мақолада «Қонли жиноятлар бўйича Путин ҳатто Сталиндан ҳам ошиб кетди» дейилса, бошқа бир мақолада Екатеринбургдаги куч тузилмалари ҳаракатлари «жазоловчи рейд» деб баҳоланди.
Воқеалар ўтган йил охирида Россия ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими тасодифан Озарбойжон йўловчи самолётини уриб туширганида юзага келган инқирозни эслатади. Ўшанда учувчилар самолётни Қозоғистонгача етказиб боришга муваффақ бўлган бўлса-да, йўловчиларнинг ярмидан кўпи авариявий қўниш чоғида ҳалок бўлган эди.
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россиядан айбини тан олишни ва пухта тергов ўтказишни талаб қилган эди. Путин воқеа Россияда юз бергани учун кечирим сўраган, лекин бу етарли бўлмаган. Икки ўртада пропаганда уруши бошланиб, Бокуда Россотрудничествога қарашли «Русский дом» ёпилган ва у жосусликда айбланган, шунингдек, Россиянинг давлат ахборот агентлиги бўлган Sputnik бўлими ёпилиши талаб қилинган.
Аммо Sputnik ўз фаолиятини давом эттирди. Бу душанба куни эса агентлик офисига полиция тинтув ўтказиш учун кириб борди. Натижада Россия агентлигининг икки ходими қўлга олинди — Озарбойжон полицияси уларни ФСБ ходимлари деб атади. Нашр раҳбари Игор Картавих ва ходим Евгений Белоусов ниқобли куч тузилмалари томонидан бинодан олиб чиқилди.
«Биз Бокудаги вакиллигимиз билан боғлиқ вазиятни адолатсизлик деб баҳолаймиз», — деди «Россия Сегодня» агентлиги раҳбари Дмитрий Киселёв. Унинг қўшимча қилишича, Боку ҳаракатлари «давлатлараро муносабатларни ёмонлаштиришга қаратилган қасддан ташланган қадамга ўхшайди».
Қарабоғ Москва ва Боку муносабатларига қандай таъсир қилди?
Озарбойжонликлар иштирокидаги Екатеринбургдаги воқеага ўхшаш фожеалар Россияда илгари ҳам содир бўлган, аммо ҳозиргидек кескин реакцияни келтириб чиқармаган. Масалан, 2021 йилда Новосибирск вилоятида 19 ёшли Вакил Абдуллаев отиб қўйилган эди — у ҳибсга олиш пайтида уни тўхтатган ЙҲХХ инспектори тасодифан унинг бошига ўқ узгани айтилган. Суд инспекторни оқлаб, уни ишга тиклади. Ўшанда диаспора ва Озарбойжон парламенти депутатлари терговни танқид қилган, аммо иш юқори даражага кўтарилмаган эди.
Худди шунингдек, ўтган ҳафта Санкт-Петербург суди «Озарбойжон мафияси» деб ўзини атаган ёшлар гуруҳини қамоқ жазосига ҳукм қилганда ҳам расмий муносабат бўлмади. Аслида улар тасодифий йўловчиларга ҳужум қилиб, буни видеога олиб тарқатадиган стрим-бозор ўсмирлар тўдаси бўлган. 2023 йилда улар билан Тергов қўмитаси шуғулланиб, тўда бошлиғи Озарбойжонга қочган, лекин Москва талаби билан қайтариб берилган эди.
Бироқ экстрадиция масаласида Озарбойжон ҳар доим изчилликни сақлаб келмаган: шу йилда Боку суди Россия талабига қарамасдан Красноярскдан чиққан собиқ судя Елена Хахалевани қайтаришдан бош тортди. У қизининг тўйида Валерий Меладзе, Николай Басков ва бошқа юлдузлар иштирок этган кадрлардан кейин танилган эди.
Мутахассислар айтишича, бунчалик кескин реакция икки давлат ўртасидаги кучлар мувозанати ўзгариши натижасидир. 2020 йилда Озарбойжон Арманистонга қарши урушда ғалаба қозониб, ўзини минтақавий етакчи сифатида кўрсата бошлади. Озарбойжон бу вақтга келиб Арманистон ва Гуржистонни қўшганда ҳам улардан катта иқтисодиётга эга бўлган, энди ўзининг ҳарбий устунлигини ҳам намоён қилмоқда.
2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламдаги босқини Москванинг Жанубий Кавказдаги нуфузини сусайтирди. Босқиндан бир неча кун олдин Путин ва Алиев иттифоқчилик ҳамкорлиги ҳақида декларация имзолаган эди. Бироқ икки мамлакат амалда иттифоқчига айланмади — Озарбойжон Россия босиб олган Украина ҳудудларини оккупация остида деб атайди ва Киевга инсонпарвалик ёрдамлари жўнатишни канда қилмайди.
Шунга қарамай, Москва Бокуни кўп нарсаларда кечириб турибди, чунки Озарбойжон уни санкциялар шароитида ташқи дунё билан боғлайдиган лойиҳаларда иштирок этмоқда. Озарбойжон орқали фақат муҳим газ қувурлари эмас, балки Россияга Осиё бозорларига чиқишни таъминлайдиган «Шимол-Жануб» транспорт йўлагининг бир қисми ҳам ўтади.
На дўст ва на душман
«Россия эндиликда Жанубий Кавказда қатъиятли куч позициясини сақлаб қолиш имконига эга эмас», — деб ёзади минтақа бўйича британиялик тарихчи Том де Ваал.
Бундай вазиятда Озарбойжон Россия билан тўғридан тўғри рақобатлашмаяпти, аммо Жанубий Кавказда Россиянинг устун ролини қайта кўриб чиқмоқда, дейди Берлиндаги Карнеги Россия ва Евроосиёни ўрганиш маркази илмий ходими Заур Шириев.
Шириевнинг таъкидлашича, Боку Россиянинг Гуржистонда собиқ таъсирини тиклашини истамайди — айниқса, у орқали Озарбойжон учун стратегик аҳамиятга эга бўлган энергетика ва транспорт йўналишлари ўтади. Шунингдек, Озарбойжон Арманистонда қўшнилар билан ярашишга қарши ва Қорабоғ масаласида талабларидан воз кечишни истамайдиган россияпараст кучлар ҳокимиятга қайтишини олдини олишни мақсад қилади.
Москва билан муносабатлардаги оммавий кўринишдаги инқироз эса яна бир манзилга — Ғарбга қаратилган, дейди таҳлилчилар.
Аслида, Озарбойжон ва Россия на яқин иттифоқчи, на очиқ душман — улар ўртасидаги муносабат «ўрта йўлда» деб баҳолайди Карнеги марказидан Заур Шириев.
«Озарбойжон Россиянинг хатти-ҳаракатларини энди пассив қабул қилмайдиганлигини кўрсатмоқда, айниқса унинг ўз шахсий манфаатлари хавфи остида бўлса», — дея қўшимча қилади эксперт.