Россияда сибирлик Сергей Тороп ўзини «Исо Масиҳ» деб атаб, одамлардан пул тўплаш ва уларга турли шаклда зиён етказишда айбдор деб топилди. Fox News’нинг ёзишича, Тороп ва унинг ёрдамчилари — Владимир Ведерников 12 йилга, Вадим Редкин эса 11 йилга қамалди. Улар 2020 йилда Россия ФХХнинг вертолёт иштирокидаги махсус амалиёти вақтида қўлга олинган эди.
Сергей Тороп аввал йўл-патруль хизмати ходими бўлган. Кейин у ўзини «Виссарион» — яъни «янги ҳаёт бағишловчи» деб эълон қилган ва диний етакчи сифатида танилган. У 1991 йилда Сибирда «Сўнгги васиятнома» номли диний гуруҳ тузган.
Тороп ўз издошларига гўшт емаслик, тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, ҳақоратли сўзлар ишлатмаслик ва ҳатто пулдан фойдаланмасликка чақирган. Аммо тергов маълумотларига кўра, у ва унинг ёрдамчилари 16 нафар шахсга маънавий ва 6 нафарга жисмоний зарар етказган.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчилар диний ҳаракат орқали одамларни манипуляция қилган ва уларга молиявий босим ўтказган. Уларнинг фаолияти Россияда жиноий деб топилди.