Telegramʼда янгиланиш: вазифалар рўйхатлари ва пуллик контент таклифлари жорий этилди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Telegram мессенжерида навбатдаги катта янгиланиш амалга оширилди. Янги функциялар орасида интерактив вазифалар рўйхатлари ва пуллик постлар таклиф этиш имконияти алоҳида аҳамиятга эга.

Tg premium

Telegram жамоаси томонидан тақдим этилган янгиланиш Android ва iOS дастурлари учун 11.13, Windows учун эса 5.15 версияларида ишлайди. Унда интерактив вазифалар рўйхатлари яратиш имконияти пайдо бўлиб, гуруҳларда жамоавий ишларни мувофиқлаштириш осонлашди. Telegram Premium обуначилари ҳар қандай чатда бундай рўйхатларни тузиши мумкин. Вазирликлар, компаниялар ва гуруҳлар учун бу функция иш жараёнини назорат қилишда муҳим ёрдамчи бўлиши кутилмоқда.

Вазифалар рўйхатини яратиш учун ёзиш майдонидаги скрепка белгисини босиб, «Рўйхат» (Checklist) банди танланади. Муаллиф бошқа фойдаланувчиларга рўйхатдаги пунктларни янгилаш ёки бажарилиш белгисини қўйиш ҳуқуқини бера олади. Бундай рўйхатлар шахсий чатларга, гуруҳларга ёки «Танланганлар» бўлимига жойланиши мумкин.

Шунингдек, мессенжерда каналлар учун пуллик постлар таклиф этиш имконияти пайдо бўлди. Premium-обуначилар канал администраторларига тўғридан тўғри контент таклиф этиб, нарх ва бажарилиш вақти бўйича келишиб олишлари мумкин. Бунда тўловлар Telegram Stars ёки Toncoin криптовалюта орқали амалга оширилади. Агар пост 24 соат ичида ўчириб юборилса, маблағ қайтарилади. Бу функция орқали каналлар ҳар қандай ўлчамдаги аудиториядан контент қабул қилиши ва ҳамкорлик маркетингида иштирок этиши мумкин.

Telegram маъмурияти ушбу янгилик орқали контент муаллифларига алдовлардан ҳимоя ва махфийлик кафолатини тақдим этишини маълум қилди. Янгиланиш фойдаланувчиларнинг мессенжер орқали фаолиятини янада кенгайтиришга қаратилган.