Тошкентда «сохта банк ходимлари» фош этилди

10:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда йирик миқдорда фирибгарликка уринган шахслар қўлга олинди. Улардан бири ўзини банк ходими сифатида таништириб, 3 млн долларлик кредит олиб беришни ваъда қилган. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланган.

Dxx

Тошкент шаҳрида савдо билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари бўлган, аввал судланган 1979 йилда туғилган аёл йирик фирибгарликда гумон қилинмоқда. У Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, таниш мансабдорлари орқали банкдан 3 млн доллар миқдорида мақсадсиз кредит олиб беришни ваъда қилган. Эвазига кредит суммасининг 33 фоизини, яъни 990 минг доллар талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахс олдиндан 150 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тергов давомида ушбу ноқонуний схеманинг бош ташкилотчиси ҳам аниқланган. Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган шахс ўзини банк ходими сифатида таништириб, фуқарога кредит маблағини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Уларнинг ҳар иккаласига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.