«Анорбанк» банк раҳбарининг Францияда ўғирланиши бўйича расмий баёнот берди: воқеа банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас

16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас, дейилади банкнинг расмий муносабатида.

Anorbank1

«Анорбанк» акциядори иштирокидаги Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўй берган воқеа тўғрисида оммавий ахборот воситаларида тарқалаётган маълумотлар юзасидан банк қуйидагиларни маълум қилди:

«Ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаолиятига алоқадор эмас. «Анорбанк» ўз ишини одатдаги тартибда давом эттирмоқда — барча бўлимлар, хизматлар ва рақамли каналлар барқарор ишлаяпти, жорий ва стратегик лойиҳалар тасдиқланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

«Анорбанк» оммавий ахборот воситалари вакилларидан ушбу мавзуни ёритишда ахлоқий меъёрларга риоя қилишни, текширилмаган маълумотларни эълон қилмасликни ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳурмат қилишни сўрайди. Банк, шунингдек, ортиқча муҳокамалар ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиш расмий тергов жараёнига ҳам, жабрланувчининг шахсий ҳаёти дахлсизлигига ҳурмат кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига эътиборни қаратади.

«Анорбанк» барқарорлик, профессионаллик ва масъулиятни сақлаган ҳолда ҳар бир мижоз учун ишончли молиявий ҳамкор бўлиш вазифасига содиқ қолишда давом этади.

«Анорбанк» тарқалаётган маълумотларга тушуниш ва ҳамдардлик билан ёндашган барча мижозлар, ҳамкорлар ва ҳамкасбларга чуқур миннатдорчилик билдиради. Ахборотга нисбатан сезгир вазиятда банк сизнинг ҳамдардлигингиз, содиқлигингиз ва барқарор ҳамда ишончли ташкилот сифатида банкка бўлган ишончингизни алоҳида қадрламоқда.

Бизга кўплаб илиқ сўзлар ва қўллаб-қувватловлар йўлланмоқда, бу эса ўзаро ҳурмат даражасининг юқорилигини тасдиқлайди ва очиқлик ҳамда масъулият тамойилларига содиқлигимизни янада мустаҳкамлайди», дейилади банк баёнотида.

Аввалроқ «Анорбанк» акциядори Қаҳрамон Олимов 23 июн куни  Франция пойтахти Париж шаҳридан ўғирланиб, қарийб икки кун давом этган тутқунликдан товон пули тўлангандан сўнг озод этилгани, Франция ҳуқуқ-тартибот органлари бу ҳолатни жиддий ўрганаётгани хабар қилинган эди.