АҚШ Конгресси Трампдан Украинага ҳарбий ёрдам тўхтатилиши бўйича изоҳ талаб қилди

16:30 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ Конгрессида Доналд Трамп маъмуриятининг Украинага ҳарбий ёрдам тўхташи ортидан жиддий хавотир билдирилди ва президентдан шошилинч тушунтириш сўралди.

Us congress

Республикачи конгрессмен Брайан Фицпатрик президент Доналд Трамп ва АҚШ Мудофаа вазирлигига расмий мурожаат йўллаб, Украинага ҳарбий ёрдам тўхташига оид вазият юзасидан фавқулодда брифинг ўтказишни талаб қилди. Унинг таъкидлашича, бу масалада Америка жамоатчилиги ва Конгрессда аниқлик бўлиши лозим. Фицпатрик бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Конгрессменнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага қарши энг йирик ҳаво ҳужумлари ортидан ёрдамнинг тўхташи жиддий хавотир уйғотган. «Украина ўз ҳудудинигина эмас, балки эркинликнинг олдинги чизиғини ҳимоя қилмоқда. Эркинликни ҳимоя қилишда ярим чоралар бўлиши мумкин эмас», — деди Фицпатрик.

Аввалроқ Пентагон айрим муҳим қурол турларини Украинага етказиб беришни вақтинча тўхтатгани маълум бўлган эди. Politico ёзишича, ушбу қарор Мудофаа вазирлиги сиёсий бошқармаси раҳбари Элбриж Колби томонидан омборлардаги захиралар текшируви натижалари асосида қабул қилинган. Текширув артиллерия снарядлари, зенит ракеталари ва аниқлик юқори қуроллар захиралари камайганини кўрсатган.

Bloomberg маълумотига кўра, Patriot тизимлари, 155 мм.ли снарядлар ва GMLRS бошқарилувчи ўқ-дориларни етказиб бериш тўхташи Европа иттифоқчиларини кутилмаган ҳолатга солган. НАТО саммити ортидан бу қарор қабул қилингани Европа дипломатларини жиддий тушунтириш сўрашга ундаган.

АҚШ Давлат департаменти расмийси Тэмми Брюс ёрдам тўлиқ тўхтаганини рад этди. Унинг айтишича, бу муайян вазият билан боғлиқ бир эпизод бўлиб, АҚШ Украинага қўллаб-қувватлашнинг бошқа йўлларини ҳам қўлламоқда. Доналд Трамп эса Patriot ракеталари етказиб бериш бўйича мажбуриятларини сақлаб қолишини тасдиқлаган.

Украина президенти Володимир Зеленский Киев ва Вашингтон ишчи даражада ёрдам масаласида ҳамкорликни давом эттираётганини таъкидлади.