Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати хабар беришича, бугун мамлакат бўйлаб ёмғир ёғиши кутилмайди. Шамол тезлиги сониясига 7–12 м атрофида бўлади, баъзи жойларда 13–18 м/с гача, шимолий ҳудудларда эса 20–25 м/с гача кучайиши мумкин. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши тахмин қилинмоқда.
Ҳарорат +38…+43 даражани ташкил этади. Шимол, жануб ва чўл ҳудудларида айрим жойларда ҳарорат +44…+46 даражагача кўтарилиши эҳтимоли бор. Пойтахт Тошкентда шамол 3–8 м/с тезликда бўлади ва ҳарорат 39–41 даража атрофида кузатилади.
Тоғли ҳудудларда нисбатан салқинроқ бўлиб, бу ерларда ҳарорат +30…+35 даража бўлиши кутилмоқда.
Аввалроқ, «Метеожурнал» 3–4 июл кунлари Туркманистоннинг Лебап вилоятида ҳарорат +48 даражагача кўтарилиши ва ҳавода нисбий намлик 5 фоизгача пасайиши ортидан экстремал ҳаво қурғоқчилиги кузатилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов бугунги кунни йилнинг энг иссиқ куни сифатида баҳолади. Унга кўра, бундай иссиқ об-ҳаво қишлоқ хўжалиги учун катта хавф туғдиради. Унинг таъкидлашича, бу шароитда ниҳоллар ва ҳосиллар қовжираб кетиши мумкин.