Fitch томонидан Ўзбекистон рейтинги оширилиши нимани англатади?

08:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Fitch халқаро агентлиги Ўзбекистон суверен рейтинги 2018 йилдан бери илк бор оширилиб, «BB-» дан «BB» даражасига кўтарилди. Бу хабар кўплар учун оддий статистик маълумотдек кўриниши мумкин, аммо унинг мамлакат тараққиёти учун аҳамияти катта.

Fitch ratings

Ўзбекистоннинг кредит рейтинги ошиши давлатнинг молиявий барқарорлиги ва иқтисодиёти ривожланишини халқаро майдонда эътироф этиш сифатида баҳоланади. Бугунги кунда мамлакат иқтисодиёти ўсиши, давлат қарзининг назоратда сақланиши, олтин-валюта захираларининг барқарорлиги ва изчил ислоҳотлар Fitch баҳосида ўз ифодасини топди, деб ёзади Beshtor Телеграм канали.

Бу воқеа давлат учун бир қатор янги имкониятлар эшигини очади. Жумладан, халқаро молия бозорларида анча паст фоизли маблағларни жалб қилиш имконияти юзага келади. Бу эса давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатларини камайтириб, иқтисодий ривожлантириш, инфратузилмаларни янгилаш, экспортни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларга кўпроқ маблағ йўналтириш имконини беради.

Банклар ва йирик компаниялар учун ҳам мазкур рейтинг катта аҳамиятга эга. Чунки ҳеч бир тижорат банки ёки корпорация давлат рейтингидан юқори баҳога эга бўлолмайди. Шунинг учун янги «BB» рейтинги улар учун ҳам юқори чегара ҳисобланади.

Инвесторлар ва халқаро компаниялар учун эса рейтингнинг ошиши Ўзбекистон иқтисодиётидаги хавф-хатарлар камайганидан далолат беради. Бу мамлакатга йирик инвестиция киритиш масаласида уларни янада ишончли қарорлар қабул қилишга ундайди. Бу жараён эса янги иш ўринлари яратилиши, янги корхоналар ва брендлар пайдо бўлишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, рейтингнинг ошиши оддий фуқаролар ҳаётига ҳам билвосита таъсир кўрсатади. Чунки юқори рейтинг иқтисодиётга ишончни кучайтиради, бу эса ички бозорда фаолликни ошириб, иқтисодий фаровонликни таъминлайди. Аксинча, рейтинг тушиб кетса, кредитлар, ипотеки ва импорт товарлар қимматлашиши мумкин.

Энди эътибор марказида янги мақсад — «BB+» даражасига эришиш туради. Fitch ўз баёнотида бу йўналишда қатор муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлади: юқори долларлашув, хомашёга қарамлик, инфляциянинг беқарорлиги ва аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги. Шу боис, бу мақсадга эришиш мамлакатдаги ислоҳотлар суръатига боғлиқ бўлади.

Агар давлат изчил ислоҳотларни давом эттирса, Ўзбекистон келгусида «BB+» ва ҳатто инвестицион даражадан бир қадам узоқдаги рейтингга етиши мумкин. Акс ҳолда, рейтингда пасайиш ва «BB-» даражасига қайтиш хавфи туғилади, бу эса мамлакат учун орқага ташланган қадам бўлади.