Жанубий Корея аҳолиси 2125 йилгача беш баробарга камайиши мумкин. Бу ҳақда The Korea Herald нашри маълум қилди.
Хусусий тадқиқот маркази – Korean Peninsula Population Institute for Future тақдим этган энг ёмон сценарийга кўра, 2125 йилга келиб Жанубий Корея аҳолиси сони 7,53 миллион нафаргача камайиши хавфи бор. Бу — ҳозирги 51,68 миллионлик аҳолининг атиги 15 фоизи дегани. Ҳатто энг оптимистик сценарийда ҳам бу кўрсаткич 15,7 миллиондан ошмайди. Яъни, ҳар қандай ҳолатда мамлакат аҳолиси кескин қисқариши кутилмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бундай демографик таназзулнинг бош сабаблари ёшлар орасидаги молиявий қийинчиликлар, уй-жой етишмаслиги ва фарзандли бўлишга нисбатан суст қизиқиш билан боғлиқ. 60 мингга яқин хабарлар таҳлил қилинган сўровнома натижаларида ёшлар оила қуришда «пул» ва «уй-жой»ни асосий омил деб белгилаган. Севги эса баъзи жавобларда умуман тилга олинмаган.
Шунингдек, прогнозларга кўра, 75 йилдан сўнг ҳар 100 нафар меҳнатга лаёқатли шахс ҳисобига 140 нафар қария тўғри келади. Бу — ижтимоий таъминот ва иқтисодий барқарорлик учун жиддий таҳдиддир.
Институт демографик инқирозга қарши қуйидаги чораларни таклиф қилмоқда:
— Фарзанд туғиш ва тарбиялаш харажатларини камайтириш учун давлат қўллаб-қувватлашини ошириш;
— Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни таъминлаш;
— Нафақа ёшини ошириш;
Қарияларни иш билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш;
-Иммиграция сиёсатини ислоҳ қилиш.
Ушбу прогнозлар Жанубий Кореянинг демографик инқирози қай даражада жиддий эканини кўрсатиб бермоқда. Мамлакат ҳозирда дунёдаги энг паст туғилиш кўрсаткичи ва аҳолининг тез қариш жараёни билан юзма-юз келмоқда.
Таъкидлаш жоиз, 2024 йилда Жанубий Кореяда 242 334 нафар чақалоқ дунёга келди – бу 2015 йилдан бери кузатилган биринчи йиллик ўсиш ҳисобланади.