ЖССТ 50 йил ичида 50 млн кишини ўлимдан сақлаб қолиш таклифи билан чиқди

23:24 | 3 дақиқада ўқилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тамаки, алкогол ва ширин ичимликларга солиқларни жиддий ошириш орқали юз миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини маълум қилди.

Wealth

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) «3 дан 35 гача» номли глобал ташаббус доирасида барча давлатларга зарарли маҳсулотлар — тамаки, алкогол ва шакарли ичимликларга қўйиладиган солиқларни 2035 йилгача камида 50 фоизга оширишни тавсия этди. Ташкилот матбуот хизмати маълум қилишича, бу таклиф соғлиқни сақлаш билан боғлиқ сурункали муаммоларнинг олдини олиш ва давлат бюджетларига барқарор даромад келтиришни кўзлайди.

ЖССТ экспертларининг таъкидлашича, тамаки маҳсулотлари, спиртли ичимликлар ва ширин ичимликлар юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон каби юқумсиз, аммо ўлимга олиб келувчи касалликларнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Ҳисоботга кўра, бундай касалликлар бугунги кунда дунё бўйича барча ўлим ҳолатларининг 75 фоиздан ортиғига сабаб бўлмоқда.

Ташкилот мутахассисларининг фикрича, «соғлиқ солиқлари»ни жорий этиш ва ставкаларни жиддий ошириш келгуси 50 йил ичида 50 миллионгача инсоннинг муддатидан олдин вафот этишининг олдини олиши мумкин.

ЖССТ мазкур ташаббус орқали соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш, зарарли одатларнинг олдини олиш ва аҳолининг умумий соғломлик даражасини оширишга чақирмоқда.