Мирзиёев Алиев билан Қорабоғдаги от томошасига борди

22:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммити доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамроҳлигида Ағдам шаҳридаги “Иморат” тарихий-меъморий мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон томони хабар берди.

Ot

Қайд этилишича, мажмуага Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ҳам ташриф буюрган.

Етакчилар мажмуада яратилган шароитлар, бунёдкорлик ишлари билан танишган. Меҳмонлар эътиборига Қорабоғнинг бой маданияти ва анъаналарини акс эттирувчи Қорабоғ тулпорлари иштирокидаги “Зафар” номли маданий дастур тақдим этилган.

Ағдам шаҳри Озарбайжоннинг ғарбий қисмида, Қорабоғ туманида жойлашган. 2021 йилдан бошлаб шаҳар инфратузилмаси фаол тикланмоқда – янги мактаблар, болалар боғчалари, уй-жойлар, маъмурий бинолар қурилмоқда.

“Иморат” мажмуасида Қорабоғ хонлиги асосчиси Паноҳ Алихоннинг саройи ва мақбараси жойлашган. 2024 йилда мажмуа реставрация ишлари ва археологик тадқиқотлардан сўнг қайта очилди.

Бу ерда Қорабоғ тулпорлари парки ва интерактив музей ташкил этилган.