Қайд этилишича, янги боғ пойтахтнинг нуфузли ва жадал ривожланаётган «Оқ шаҳар» мавзесидан ўрин олган. Лойиҳага кўра, 4,5 гектар майдонда Ўзбекистоннинг бой маданияти ва анъаналарини намойиш этадиган улкан мажмуа барпо этилади.
Боғ ҳудудида Ўзбекистон меъморий обидалари нусхалари, сайилгоҳлар, яшил ҳудудлар, меҳмонхона, турли хил савдо ва кўнгилочар масканлар ташкил этилади. Бинолар қурилиши ва безагида ўзбек миллий меъморчилиги анъаналари ҳамда нақшларидан фойдаланилади.
Шунингдек, Бокудаги «Ўзбекистон» боғида «ўзбек миллий муҳитига олиб кирувчи» меҳмонхона, «тилларанг қум ва ложувард соҳилга эга пляж ҳам барпо этиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари боғ лойиҳасида океанариум, ёпиқ оилавий истироҳат мажмуаси, шоппинг авеню, мум ҳайкаллар музейи ва учар театр қуриш назарда тутилган.
Маълумотларга кўра, боғнинг қурилиши учун 80 млн АҚШ доллари сарфланади. Бу боғда йилига 800 минг ташрифчи кутилмоқда.
Маросимда икки давлат раҳбарлари биргаликда боғ пойдеворига рамзий капсула қўйиб, ушбу муҳим лойиҳа қурилишини бошлаб бердилар. Лойиҳа тақдимотини тадбиркор, собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қилди. Барча тегишли ҳужжатлар олингач, боғ қурилишига 2 йил кетиши маълум қилинмоқда.