Пухта сиёсати билан мақталган Мирзиёев Бокуда ҳам футбол табригини эшитди

21:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Илҳом Алиев Мирзиёевни Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧга йўлланма олгани билан табриклади ва бу ютуқ давлат сиёсати самараси эканини таъкидлади.

Aliyev s

Озарбойжон Республикаси президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан биргаликда матбуот анжуманидаги чиқишида икки давлат ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланаётганини таъкидлаган.

Алиев 2023 йил Тошкентда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани «икки давлат муносабатларидаги энг юқори даражадаги ҳужжат» деб атаган. Унга кўра, Ўзбекистон ва Озарбойжон халқаро ташкилотларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш билан бирга, иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳам амалий ҳамкорликни йўлга қўйган.

Алиев Ўзбекистон терма жамоасининг футбол бўйича жаҳон чемпионатига чиққани муносабати билан Мирзиёевни табриклади. У буни мамлакатда ёшларга қаратилган эътибор ва спорт соҳасидаги тизимли ислоҳотларнинг самараси, деб таъкидлаган.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, икки мамлакатнинг 500 миллион долларлик қўшма инвестиция жамғармаси доирасида 10 тадан ортиқ лойиҳа бўйича инвестицион қарорлар қабул қилинмоқда. Алиевга кўра, энергетика, меҳмонхона бизнеси, қурилиш, қишлоқ хўжалиги каби йўналишлардаги лойиҳалар ўзаро инвестициялар ўсишига хизмат қилади.

Шунингдек, Алиев Ўзбекистонни инвестиция киритиш учун энг жозибали мамлакатлардан бири, деб атади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатдаги ислоҳотлар халқаро молия ташкилотлари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Озарбойжон президенти Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси йилдан-йилга ошиб бораётгани, иқтисодий салоҳияти ўсиб, ижтимоий ҳаётдаги кўплаб масалалар ҳал этилаётганидан мамнун эканлигини билдириб, буларнинг барчаси Ўзбекистон президенти ва раҳбариятининг пухта ўйланган сиёсати натижаси эканлигини айтган.