Россия Одесса портига ракета ва дронлар билан ҳужум қилди: қурбонлар бор

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия армияси 3 июл куни Одесса ва Полтавадаги порт, турар жой бинолари ҳамда ҳарбий инфратузилма объектларига ракетали ва дронли ҳужум уюштирди. Ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар ва яраланганлар бор.

одесса

Одесса области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер маълум қилишича, ракета портдаги пирслардан бирини, металл юкларни тушириб олаётган пайтда, нишонга олган. Ҳужум вақтида Сан-Томе ва Принсипи байроғи остидаги хорижий кемадан юклар туширилаётган эди. Натижада икки киши — докер-механик ва юк машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Яна олти киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди, улар орасида порт оператори ходимлари ва кема экипажи аъзолари, шу жумладан икки суриялик бор.

Ҳужумдан порт кранлари, омборлар ва ускуналар сезиларли шикастланди. Кипер Россиянинг бу ҳаракатини Украина портларини йўқ қилишга қаратилган тизимли кампания деб атади. «Россия тўртинчи йилдирки портларимизни нишонга олмоқда. Бу Украина ва дунё ўртасидаги алоқани йўқ қилишга уринишдир», — деди у.

Шунингдек, тун давомида Одесса шаҳри ҳудуди дронлар орқали ҳужумга учради. Улардан бири тўққиз қаватли турар жой бинога урилди. Оқибатда олти хонадон тўлиқ вайрон бўлди, яна 36 хонадон зарар кўрди. Беш киши жароҳат олди, улар орасида икки бола бор.

Шу куни эрталаб Полтавадаги ҳужумда икки киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди. Ҳужум мақсадларидан бири маҳаллий ҳарбий чақирув маркази бўлди. Гражданлик инфратузилмасига зарар етди, оқибатларни бартараф этиш бўйича штаб иш олиб бормоқда.

Украина ҳарбий ҳаво кучларига кўра, Россия тун давомида 52та дрон ва имитатор ишлатди, ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари 40та нишонни уриб туширган. Шу билан бирга, Украинанинг етти ҳудудида зарба оқибатлари қайд этилди.