Биз мустақил Фаластин давлати қурилиши тарафдоримиз — Шавкат Мирзиёев

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Хонкендида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 17-саммитида Президент Мирзиёев Афғонистоннинг халқаро майдонга қайтаётганини олқишлади ва АҚШ ҳамда Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини кескин қоралади.

President nutqi

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 17-саммити Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бошланди. Саммитда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қатор муҳим баёнотлар берди.

Давлат раҳбари Афғонистон муваққат ҳукумати узоқ танаффусдан сўнг ташкилот саммитида иштирок этаётганини мамнуният билан қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон қўшни давлат сифатида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг ажралмас қисми саналади.

Мирзиёев АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қилинган ҳарбий ҳужумларни кескин қоралади. Президент бундай амалиётлар минтақада кенг кўламли уруш хавфини кучайтиришини ва атроф-муҳитга жиддий фалокатлар олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти Эрон ва Исроил ўртасидаги сулҳ келишувини қўллаб-қувватлашини билдириб, бу битим минтақада тинчликни тиклаш учун муҳим қадам эканини қайд этди.

Мирзиёев шунингдек, Яқин Шарқда барқарор тинчликка фақат Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони адолатли ҳал этиш орқали эришиш мумкинлигини билдирди. У Ғазо секторида ҳарбий амалиётларни тўхтатиш, очлик ва оғир гуманитар вазиятда қолган аҳолига ёрдам кўрсатишдаги тўсиқларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Президенти мустақил Фаластин давлатининг БМТ резолюцияларига асосан барпо этилишини қўллаб-қувватлашини алоҳида қайд этди.