Фермерларга уч карра солиқ ва жарима — Президент фармонларига зид ҳолат

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Қонунчилик палатасида фермерларга янги жарима ва солиқ юкловчи қонун лойиҳаси қабул қилинди. Аммо бу қарор амалдаги Президент фармонларига зид келиши мумкин.

Farmers

Қонунчилик палатасида дала, ариқ ва зовур четларига экин экмаган фермерларга 10 БҲМ миқдорида жарима ва ер солиғининг 3 каррага оширилиши назарда тутилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу янги тартиб фермерларга жиддий молиявий юк олиб келиши кутилмоқда.

Бироқ бу қарор амалдаги Президент фармонларига тўғридан-тўғри зид келаётгани таъкидланмоқда. 2023 йил 28 февралда қабул қилинган ПФ-27-сон фармонга кўра, 2026 йил 1 июлгача тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга мораторий эълон қилинган.

Шунингдек, 2025 йил 19 мартда қабул қилинган ПФ-50-сон фармонга мувофиқ, 2028 йил 1 январгача кичик ва ўрта бизнес субъектларига янги мажбуриятлар юклаш тақиқланган. Бу мораторий фермер хўжаликларига ҳам тўғридан-тўғри тааллуқли.

Юқоридаги фармонлар ҳозирги қонун лойиҳасида назарда тутилган янги жарима ва солиқ юклари қонунга зид бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Агар лойиҳа қабул қилинса, ё Президент фармонларини “четлаб ўтиб” амалга оширилади, ёки уларга мувофиқ 2028 йилгача амалга киритилиши кечиктирилади.

Юристлар бу каби ҳолатларда аввал Президент фармонлари устувор ҳисобланиши, қонун лойиҳаси эса шунга мослаштирилиши шарт эканини таъкидламоқда. Ҳозирда ушбу қонун лойиҳаси жамоатчиликда кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда.