Жаҳон банки ҳисоботига кўра, 2010–2022-йилларда Ўзбекистонда ҳар бир одамга тўғри келадиган иқтисодий кўрсаткич – яъни аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўртача йилига 4,3 фоизга ўсган.
Бу натижа Европа ва Марказий Осиё минтақаси, шунингдек, ўртачадан паст даромадли бошқа давлатларга нисбатан юқорироқ.
Аммо, Жаҳон банки бу ўсиш асосан ишлаб чиқариш самарадорлиги (маҳсулдорлик) ҳисобига эмас, балки кўпроқ бино, иншоот, ускуналар каби капиталга киритилган сармоялар ҳисобига содир бўлганини таъкидлайди. Шунингдек, хусусий сектор ҳали ҳам кучли даражада ривожланмаган.
Жаҳон Банкига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари қуйидагича бўлиши лозим:
Хусусий сектор ва рақобатни ривожлантириш
2020 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 2000 дан ортиқ давлатга қарашли йирик корхоналар мавжуд эди. Улар мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг 32 фоизини ташкил қилган. Аммо бу корхоналарнинг аксарияти аслида хусусий компаниялар яхши ишлай оладиган соҳаларда фаолият юритмоқда. Шу сабабли, бозорда рақобатни ошириш ва хусусий секторни ривожлантириш жуда муҳим.
Инфратузилмани яхшилаш
Мамлакатнинг барча ҳудудларида, айниқса электр энергияси ва транспорт соҳаларида инфратузилма эскирган ва уни янгилаш зарур. Бу ишбилармонлар учун харажатларни камайтиради ва мулоқотни осонлаштиради. Шу мақсадда ҳукумат энергетика соҳасига хусусий сармоядорларни жалб этиш учун ҳаракат қилмоқда. Энергия нархларини босқичма-босқич ислоҳ қилиш орқали 2026–2027-йилларда харажатларни тўлиқ қоплашга эришишини маълум қилган.
Савдо ва ташқи бозорга чиқишни кенгайтириш
Ўзбекистоннинг халқаро савдо ҳажми сўнгги йилларда сезиларли ўсди: 2017-йилдан 2022-йилгача икки баравардан кўпроққа ошиб, ЯИМнинг 71,6 фоизини ташкил этди. Бироқ, ҳали ҳам фақат 6 фоиз корхона ўз маҳсулотини хорижга экспорт қилмоқда. Бу кўрсаткични ошириш учун ташқи бозорлар билан интеграцияни кучайтириш керак.
Жаҳон банкининг Ўзбекистон учун тавсиялари:
Инфратузилмани яхшилаш:
- Электр энергияси тармоқларига кўпроқ сармоя киритиш, айниқса, Тошкент ва Қарши каби ишлаб чиқариш салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда;
- Тошкент, Самарқанд ва Навоий ўртасидаги автомобил йўлларини яхшилаш;
- Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари ўртасида темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, алоқа ва юк ташишни осонлаштириш.
Хусусий секторни қўллаб-қувватлаш:
- Давлат корхоналарини хусусийлаштиришни тезлаштириш, бу жараённи аниқ режага асослаш ва очиқ ўтказиш;
- Давлат компанияларининг ишини яхшилаш учун замонавий бошқарув тизимларини жорий қилиш;
- Кичик ва ўрта бизнесга банк кредитлари ва бошқа молиявий манбаларни олишни осонлаштириш.
Рақобатни кучайтириш ва бозор ислоҳотлари:
- Иш юритишни соддалаштириш учун лицензия ва рухсат олиш тартибларини енгиллаштириш;
- Телекоммуникация, темир йўл, электр энергияси соҳаларида мустақил назорат органларини ташкил этиш;
- Бозорда адолатли рақобатни таъминлаш учун Рақобатни ривожлантириш қўмитасининг ваколатларини кучайтириш.
Ташқи савдони кенгайтириш:
- Озиқ-овқат ва дори-дармон каби муҳим импорт маҳсулотларига солинадиган божларни камайтириш ёки бекор қилиш;
- Божхона жараёнларини соддалаштириш ва рақамли технологияларни жорий қилиш;
- Ўзбекистонни халқаро савдо занжирларига мустаҳкамроқ улаш учун минтақавий давлатлар билан имтиёзли савдо шартномаларини кенгайтириш;
Логистика тизимини ривожлантириб, кўп йўналишли транспорт тармоқлари орқали алоқа имкониятларини кенгайтириш.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.