4 июл куни Озарбойжоннинг Хонкенди шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар берилишича, учрашувда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини қабул қилинган «йўл харитаси» асосида янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.
Турли даражалардаги мулоқотлар фаол кечаётгани мамнуният билан қайд этилган.
Савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги кооперация лойиҳалари ва дастурларини жадаллаштириш, шу жумладан Трансафғон темир йўли қурилишини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва бизнес форумини самарали ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.
Ўзбекистон ва Покистон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.