Ўзбекистон 2025 йилда энг кўп олтин сотган давлатга айланди

20:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон дунё бўйича энг кўп олтин экспорт қилган давлат бўлди. Мамлакат ярим йилда 27 тонна олтин сотиб, умумий экспорт тушумларининг қарийб ярмини айнан шу соҳа ташкил этди.

Oltin

Халқаро олтин кенгаши маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2025 йилнинг январидан июнигача дунёдаги энг йирик олтин сотувчисига айланди. Мамлакат ушбу даврда 27 тонна олтин экспорт қилган. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу миқдор 6,6 млрд долларлик тушум келтириб, умумий экспортнинг 43,8 фоизини ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 56,9 фоиз кўпдир.

Май ойида Сингапур 5 тонна олтин сотган бўлса, Ўзбекистон ва Германия ҳар бири 1 тоннадан олтин экспорт қилган. Йил бошидан буён энг кўп сотувчи мамлакатлар орасида Сингапур (10 тонна) Ўзбекистондан кейинги ўринда турибди.

Шу билан бирга, май ойида Қозоғистон Миллий банки энг кўп — 7 тонна олтин сотиб олди. Туркия ва Польша ҳам олтин захираларини мос равишда 6 тоннадан оширди. Хусусан, Польша 2025 йил бошидан буён 67 тонна олтин харид қилиб, бу борада дунёда етакчилик қилмоқда.

Ўзбекистондаги олтин захиралари 1 июль ҳолатига кўра 355,5 тонна бўлиб, 37,6 миллиард долларга баҳоланган. Йил бошида ушбу кўрсаткич 382,5 тонна бўлган. Шу тариқа, захирадаги пасайишга қарамай, мамлакатда олтин экспорти орқали валюта тушуми сезиларли даражада ошган.

Таҳлилларга кўра, марказий банклар олтинни стратегик актив сифатида кўра бошлаган. Кўплаб давлатлар долларга боғлиқликни камайтириш учун олтин захираларини оширмоқда. Халқаро олтин кенгаши сўровномасига кўра, 2025 йилда жаҳондаги марказий банкларнинг 95 фоизи олтин захиралари ошишини кутмоқда.

Ривожланаётган мамлакатлар марказий банклари олтинни инфляция ва геосиёсий хатарлардан ҳимоя сифатида кўраётгани таъкидланади. Охирги уч йилда марказий банклар ҳар йили минг тоннадан зиёд олтин сотиб олган.