Пуллик давлат хизматлари банк иловалари орқали тақдим этилади

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда пуллик давлат хизматларини банк ва молия иловалари орқали олиш имконияти яратилади. Бу фуқаролар учун янада қулай ва тезкор хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган.

Pullik davlat xizmatlari

Ўзбекистонда яқин вақтда пуллик давлат хизматларини банк ва молия иловалари орқали олиш имконияти пайдо бўлади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, асосий мақсад давлат хизматларини расмий платформалардан ташқарида ҳам фойдаланиш имконини кенгайтириш ва аҳолига кўпроқ қулайлик яратишдир. Унинг сўзларига кўра, фуқаролар бугунги кунда банк иловаларида фаол фойдаланиб, бу интерфейсларга ўрганиб қолган.

Шерматовнинг айтишича, ўтган йилда тест тартибида айрим бепул давлат хизматлари банк иловалари орқали тақдим этилган эди. Энди эса Президент топшириғига биноан пуллик давлат хизматларини ҳам мазкур иловалар орқали кўрсатишга рухсат берилди.

Бундан ташқари, барча онлайн давлат хизматларини ягона My.gov.uz порталига тўлиқ интеграция қилиш вазифаси ҳам қўйилган. Вазирнинг маълум қилишича, келгусида барча даражадаги давлат хизматларининг камида 70 фоизи ушбу портал орқали рақамли шаклда тақдим этилиши мақсад қилинаётгани таъкидланди.

Шу билан бирга, Шерматов бу вазифани амалга ошириш учун барча давлат органлари ўз ички жараёнларини рақамлаштириш бўйича жадал иш олиб бориши лозимлигини қайд этди.